Линклар

logo-print

“Мустақил газета”нинг қисқа, аммо сермазмун умри

  • Барно Анвар

Норасмий манбаларнинг таъкидлашича, сўнгги бир йил давомида ўзбек ўқувчилари орасида анчагина шуҳрат қозонган “Мустақил газета” бундан буён чоп этилмайди.

Манбаларнинг маълум қилишича, газета чиқмаслигининг асл сабаби унинг Матбуот ва ахборот агентлигида қайта рўйхатдан ўтказилмаганидир.

“Мустақил газета”нинг илк сони 2003 йил 20 февралда ўқувчилар қўлига теккан эди. 2003 йил июл ойига қадар 19 сони дунё юзини кўрган газета мамлакат ижтимоий-сиёсий қатламининг энг севимли нашрига айланиб улгурди. Аммо июлдан бошлаб газета чиқмай қолди. Жамоатчиликнинг бир қисми бунинг сабабларини иқтисодий қийинчиликка, аксарияти эса газета ўзининг анча ошкоралиги билан ҳукуматга ёқмай қолганига йўйди.

2003 йил октябрь ойида Ўзбекистондаги барча даврий нашрлар қайта рўйхатдан ўтказилиши белгилаб қўйилганди. Матбуот ва ахборот агентлигидан маълум қилинишича, “Мустақил газета”нинг қайта рўйхатдан ўтишига агентлик ёки ҳукумат тўсиқ қўйгани йўқ. Агентликнинг матбаа нашрларини қайта рўйхатдан ўтказиш бошқармаси бошлиғи Ўткир Зокиров газетанинг ёпилишига сабаб иқтисодий таъминотга бориб тақалишини таъкидлади. Унинг айтишича, айнан шу муаммо туфайли муассисларнинг аризасига кўра газета рўйхатдан ўчирилган.

“Мустақил газета”га бош муҳаррирлик қилган Ҳабибулла Олимжоновнинг сўзларига қараганда, газета вақтинчалик чиқмай қолган вақтда таҳририят ходимлари тарқаб кетган. Газетанинг ёпилишига эса иқтисодий ночорлик сабаб бўлган.

Шу тариқа 19 та сони билан ўзбек газетхони эътиборини қозона олган “Мустақил газета” ўз фаолиятини тўла тўхтатди.
XS
SM
MD
LG