Линклар

logo-print

Ҳамширалар малакаси оширилмоқда


Тўлқин 10 февраль куни Тошкентда ҳамширалар иши бўйича икки кунлик анжуман бошланди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири Феруз Назиров, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Пурнелл, Исроил Давлати элчиси Цви Коҳин Литант, АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) вакили Жоан Ҳеил иштирок этди.

Маросимда маълум қилинишича, ЮСАИД Исроилнинг халқаро ҳамкорлик маркази – Машав дастури асосида Ўзбекистонда ҳамширалик ва бирламчи соғлиқни сақлаш бўғинини ривожлантириш борасида 2001 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. Беш йилга мўлжалланган мазкур дастурга кўра, ўзбекистонлик ҳамширалар Исроилда дунё стандартлари асосида малака оширади. Дастур эса ЮСАИД томонидан молиялаштирилади. Дастурдан мақсад ўзбекистонлик ҳамшираларда клиник, маъмурий масалаларда мустақил қарор қабул қилишни шакллантириш, уларнинг раҳбарлик малакаларини юксалтириш ва вазифаларини кенгайтиришдир.

Исроил элчисининг сўзларига қараганда, 2001 йилдан шу кунга қадар Фарғона ва Андижон вилоятларидан 160 дан зиёд ҳамшира ва ҳамширалик ўқув юртлари ўқитувчилари Исроилдаги Каплан ва Дина академик мактабларида малака ошириб қайтган.

Анжуман иштирокчиси, Фарғона шаҳридаги тиббиёт коллежи ўқитувчиси, Исроилда малака оширган Мунира Сотволдиеванинг айтишича, Исроилда ҳамшираларнинг мавқеи жуда баланд. Ҳамшираларнинг врачсиз ҳам биринчи ёрдам кўрсата олиши эса Ўзбекистонда эндигина йўлга қўйилмоқда.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳамширалик соҳасининг дунё мезонлари талабларига жавоб бермаётганига бир неча сабаблар бор. Биринчидан, уларнинг айтишича, тиббиёт билим юртларида замонавий ўқув жиҳозлари етишмайди. Иккинчидан, бу муассасалар етарлича молиялаштирилмайди. Учинчидан, ҳамшираларга врачнинг ёрдамчиси сифатида қараш ҳали ҳам сақланиб қолган.
XS
SM
MD
LG