Линклар

Навоий тили ўлик тилми?


Зикрилло Ишонч Ҳазрат Навоий асарларининг тили хусусида сўнгги вақтларда анча-мунча фикрлар пайдо бўлмоқда. Баъзиларнинг айтишича, Навоий тили бугунги ўзбеклар учун тушунарсиз бўлиб қолган.

Айрим тилшунослар Алишер Навоийнинг тили эмас, фикри (фалсафаси) мураккаб деса, бошқалари Навоий тили ўлик, сунъий тил, деган иддаони илгари сурмоқда.

Навоий тилини тушунмайдиганлар буюк мутафаккирни ўз асарларида форсча-арабча сўзларни ҳаддан ташқари кўп ишлатганликда айблайди.

Навоийшунос олим Алибек Рустамов шоирни бунинг учун айблаётганлар ўзларида етарли билим йўқлигидан нолиса, тўғрироқ бўлишини таъкидлади. Унинг айтишича, Алишер Навоийда мавзу жуда кенг. Унинг асарларида араб ва форс тилларига оид илмий атамалар бор. Буларни тушуниш учун эса тилни ўқитишдаги ва ўрганишдаги камчиликларни бартараф қилиш лозим.

Олим Бахтиёр Исобековнинг таъкидлашича, Навоий ўзбек тилидан жуда мураккаб ижтимоий, инсоний, диний ҳодисаларни аён қилишда фойдаланган.

“Сўзлари оғирлиги туфайлигина Навоийни тушунмаяпмиз, деганларга қўшилмайман. Умуман, Навоийнинг тили оғир эмас, лекин мураккаб. Тилимизни ўрганмасдан, динимизни, адабиёт ва тарихимизни билмасдан, илм-фанни эгалламасдан, араб ва форс адабиёти билан танишмасдан Навоийни тушуна олмаётганимиз табиий. Чунки Навоий тилида буларнинг барчаси акс этган”, деди олим.

Тилшунос Бердиёр Юсуповнинг айтишича, бу ҳақда гапирганда Навоий давридан буён анча вақт ўтганини эсдан чиқармаслик керак. Навоий ишлатган сўзлар миқдорида туркий ва бошқа тиллардан киритилган сўзлар нисбати деярли тенгдир. Октябрь инқилобидан сўнг бу сўзларнинг кўпчилиги ўзбек тилидан чиқариб ташланди. Арабча, форсча сўзлар ўрнига русча ва Европа тилларидан олинган сўзлар кириб келди. Натижада Навоий ишлатган сўзлар бугунги ўқувчиларга тушунарсиз бўлиб қолди.

Алишер Навоий тилининг ўликлиги ҳақидаги нуқтаи назар дастлаб рус тилшунослигида пайдо бўлган. Бу назария хусусида Б.Исобеков шундай мулоҳаза билдирди:

“Ўлик тилнинг биринчи белгиси унинг истеъмолда бўлмаслигидир. Тилнинг жони нутқ. Лекин Навоийга, адабиётимизнинг ундан олдинги вакилларига нисбатан бу назарияни қўллаш тилимизни тарихан парчалашдир. Агар Навоий тили ўлик бўлса, ҳозирги тилимиз ўзбек тили эмас. Бундан Навоий тили ўзбек тили эмас, деган хулоса келиб чиқади. Мантиқан олиб қаралса, ўзбек тили тарихи 1924 йилдан бошланиши керак бўлади. Бу жуда узоқни ўйлаб юритилаётган сиёсат. Афсуски, бизнинг баъзи олимларимиз буни дастак қилиб олмоқда. Бу сиёсат миллат тараққиётига, миллат яхлитлигига таъсир қилади. Тарихий илдизни йўққа чиқаради”.

А.Рустамовнинг айтишича, агар маълум бир тилда сўзлашадиган одам қолмаса, бу тил ўлик ҳисобланади. Юнон, санскрит тилларини шу тоифага қўшиш мумкин. Лекин Навоий тили ҳали ҳам муомалада. Навоий ўз асрларида иложи борича туркча сўзларни қўллашга ҳаракат қилган. Шунинг учун Навоий тилини ўлик тил ёки ўзбекча эмас, дейишга асос йўқ.

Алишер Навоий тилини сунъий ва ўлик тил дегувчиларга буюк мутафаккирнинг ўзи жавоб бериб кетганга ўхшайди:


Навосиз улуснинг навобахши бўл,

Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл.
XS
SM
MD
LG