Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:54

Жума масжид нега ёпилди?


Абдуллоҳ Эргаш Бокудаги Жума масжидининг ёпилиши Озарбайжон жамиятида норозиликлар пайдо қилмоқда. Ҳукумат масжиднинг ёпилишини унинг тарихий ёдгорлик сифатида асралиши зарурати билан изоҳламоқда. Бошқа маълумотларга кўра эса, Бокудаги Жума масжиди амалдаги ҳокимиятга мухолиф қарашдаги диндорларнинг тўпланадиган жойига айланиб қолганлиги учун ёпилган.

Бокудаги бош масжид - Жума масжидининг ёпилиши, Озарбайжон диндорларидагина эмас, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларда ҳам ташвиш уйғотмоқда. Хелсинки Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя Қилиш ва бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Human rights watch ташкилотлари Жума масжидини диндорлар учун қайта очиш талаби билан Озарбайжон ҳукуматига мурожаат қилган. Лекин бу масала мана тўрт ойдирки ҳал бўлмай келаётир.

Минг йиллик тарихга эга Жума масжиди Шўролар замонида гилам музейига айлантирилиб, Озарбайжон Маданият Вазирлиги ихтиёрига берилган эди. 1992 йилда у мусулмон аҳлига қайтарилган. Айни пайтда эса, Жума масжид, Озарбайжон ҳукумати қарорига кўра, тарихий ёдгорлик сифатида яна музейга айлантирилиши лозим. Бироқ, масжид ходимлари бунга қаршилик билдиришмоқда ва бу масала судда кўриб чиқилмоқда.

“Озодлик” радиоси Озарбайжон хизмати мухбири Элхан Насибовга кўра, масжид ёпилишига унинг имоми Илғор Иброҳим ўғлининг мухолифат вакили сифатида қамоққа олиниши сабаб бўлган:

“Илғор Иброҳим ўғлини Президентлик сайловларидан сўнг 15-16 октябрда бўлган норозилик намойишларини уюштиришда айблаб қамоққа олишган. Илғор Иброҳим ўғли аввалига Бокудаги Норвегия элчихонасидан бошпана топди. Лекин Озарбайжон расмийларининг босимидан сўнг, Норвегия ҳукумати уни Боку полициясига топширди”, - деди Элхон Насибов.

Суҳбатдошимизга кўра, Бокудаги Жума масжиди имоми Илғор Иброҳим ўғли Озарбайжон Жиноят Кодексининг тартибсизликларни келтириб чиқариш моддаси бўйича айбланмоқда. Бироқ, Озарбайжон мухолифати вакиллари имомнинг қамоққа олинишига унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатидаги фаолияти сабаб бўлган, деб ҳисоблашмоқда. Журналист Элхон Насибов гапиради:

“Илғор Иброҳим ўғлининг вакиллари, унинг қамоққа олинишининг асл сабаби, Жума масжиди имоми ва Озарбайжонда диний эркинликлар ташкилотининг раҳбари сифатидаги фаолияти билан боғлиқ, дейишмоқда. Илғор Иброҳим ўғлининг диний эркинликлар бўйича ёзган ҳисоботлари дунёдаги нуфузли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан қабул қилинган. Бу ҳисоботларда Озарбайжонда диний эркинликлар бузилаётгани ҳақида маълумотлар берилган”, - дейди Элхон Насибов.

Суҳбатдошимизга кўра, мана шу ҳисоботлар Боку расмийларида норозилик уйғотган. Шу ўринда, АҚШ Давлат Департаментининг диний эркинликлар бўйича йиллик ҳисоботида Озарбайжонда бу соҳада жиддий муаммолар йўқлиги қайд этилганлигини ҳам тингловчига айтиб ўтмоқчимиз.

Аммо маълумотларга кўра, Бокудаги Жума масжидини ёпиш қарорига имомнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги фаолияти ягона сабаб бўлмаган. “Moscov Times” газетасининг озарбайжонлик кузатувчиларга таянган холда хабар беришича, Жума масжидида сўнгги пайтларда ҳукумат сиёсатидан норози диндорларнинг тўпланиши кузатилган. Ҳукумат шу сабабли ҳам масжидни ёпишга қарор қилган.

Озарбайжон расмийларига кўра, масжиднинг ёпилиши унинг имоми Илғор Иброҳим ўғлининг фаолияти билан боғлиқ эмас. Жума масжиди Бокудаги энг қадимий бинолардан бўлиб, у Озарбайжон халқи учун катта тарихий ва маданий аҳамиятга эга. Шу боисдан ҳукумат уни ўз муҳофазасига олиши ва масжид музейга алантирилиши лозим, дейишмоқда расмийлар.
XS
SM
MD
LG