Линклар

logo-print

СААКАШВИЛИ МОСКВА БИЛАН МУНОСАБАТЛАРИНИ ИЗГА СОЛМОҚЧИ

  • Сарвар Усмон

Грузиянинг янги Президенти Михаил Саакашвили 10 феврал куни Россияга биринчи расмий сафарини бошлади. Икки кун давом этадиган сафар чоғида томонлар ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга умид қилмоқдалар.

Саакашвилининг Президент Путин билан 11 февралга режалаштирилган учрашувида Россиянинг Грузиядаги икки ҳарбий базаси тақдири ҳамда Чеченистондаги вазият муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Саакашвили Москвага оддий йўловчилардек, Тбилиси – Москва йўналишида қатнайдиган кундалик самолётда учиб борди. Президентга унинг Москва сафарида Грузия Бош Прокурори Ираклий Окруашвили, Энергетика вазири Мамука Николайшвили ҳамда бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилмоқда.

Грузиядаги Рустави-2 телеканалининг хабар қилишича, Саакашвилининг Рус Православ черкови раҳбари Алексий Иккинчи ҳамда Россия Савдо Палатаси вакиллари билан учрашиши режалаштирилган.

Саакашвили-Путин учрашуви эса 11 феврал куни бўлиб ўтади. Бундан ташқари Грузия янги лидерининг Бош Вазир Михаил Касьянов, Ташқи Ишлар вазири Игорь Иванов, Мудофаа вазири Сергей Иванов ва бошқа расмийлар билан сўзлашувлар ўтказиши кутилмоқда.

Грузия раҳбари Россия билан алоқаларида ижобий ўзгаришлар ясамоқчи. Москва сафари арафасида журналистлар олдида қилган чиқиши чоғида у, жумладан, шундай деди:

- Вазирлигимиз Россия ва Грузия ўртасидаги муаммоли масалалар рўйхатини тузиб чиқади ва биз уларни бирма-бир кўриб чиқамиз. Мен аввал-бошданоқ айтиб қўяй, сафардан жуда кўп нарса кутаётганим йўқ, чунки бир кундаёқ мўъжиза юз беради, барча баҳсли масалалар ҳал бўлиб кетади, деб ўйламайман. Бироқ, биз алоқаларимиз учун ижобий йўналишни белгилаб олишимиз керак. Шу пайтгача муносабатларимизда салбий тенденция кучли эди. Позитив тенденцияни яратиб олсак, у яхшиланган алоқаларни бошлашга имкон беради.

Россия расмийлари ҳам икки томонлама алоқаларнинг нормаллашуви тарафдори эканликларини таъкидламоқдалар.

Тбилиси Москвадан 1999 йили Истамбулда имзоланган шартномани бажаришни, яъни Грузиядан икки ҳарбий базасини тезроқ олиб чиқиб кетишни талаб қилаётган айни кунларда ўзаро муносабатлар кескинлигича қолаётганга ўхшайди. Россия ҳарбий базалари Грузиянинг Ахалкалаки, арманилар кўпчиликни ташкил қиладиган Самтскхе-Жавахети ҳамда Ажария мухтор республикаси пойтахти Батумида жойлашган.

Ҳарбий базалар масаласида Россия Президент Шеварднадзе даврида Тбилисининг талабига қандай жавоб берган бўлса, ҳозир ҳам АҚШ ва Грузиянинг янги раҳбариятига ўша жавобни такрорламоқда. Бу жавобга кўра, Россиянинг ҳарбий базаларини 3 йил ичида Грузиядан олиб чиқиб кетишга етарли маблағи йўқ. Бироқ, сўнгги пайтларда Москва бу масалада муросага боришга қарор қилганга ўхшайди. Чунки, аввалроқ, Москва бу ишнинг 10-11 йилга чўзилишини таъкидлаётган бўлса, бугунга келиб базаларни олиб чиқиш учун кетадиган муддатни 7-9 йил, деб белгилаяпти. Ҳар қалай ўтган ҳафтада Интерфакс ахборот агентлиги Россия Армияси Бош Штаби бошлиғи ўринбосари Юрий Балуевскийнинг мана шундай фикр билдирганини маълум қилди.

Москва-Тбилиси муносабатлари характерини белгиловчи омиллардан бири Чеченистон масаласидир.

Куни кеча Москва метросида юз берган ва Президент Путин уни содир этганликда чечен сепаратчиларини айблаётган портлашга муносабат билдирар экан, Саакашвили, "терроризмга қарши курашда Грузия Россияга қўлидан келган барча ёрдамни беришга тайёр", деди.

Хуллас, Саакашвилининг Москвага сафари Тбилиси-Москва муносабатларида бурилиш ясайдиган кўринади. Буни Грузиянинг Россиядаги янги элчиси Коте Кемулариянинг мана бу гапларидан ҳам сезиш мумкин:

- Мен ўзимнинг биринчи вазифам - муносабатларимизни ижобий томонга буришга ҳаракат қилиш, деб биламан. Суверен давлатлар ўртасида турли муаммолар пайдо бўлиши табиий. Бу муаммоларни хайриҳоҳлик билан ҳал қилишга интилишимиз лозим.
XS
SM
MD
LG