Линклар

logo-print

9 ЯШАР ХУРШИДАНИ ПЕТЕРБУРГДА ЎЛДИРИБ КЕТДИЛАР

  • Сарвар Усмон

Скинхедлар. Инглиз тилидан россиялик ўн минглаб ўсмир ўзлаштириб олган бу сўзни ўзбек тилига "тақир бошлар", деб таржима қилсак бўлади. Скинхедлар сочини қирдириб юрувчилардир. Бир қарашда тақир бошнинг ҳеч кимга, ҳатто ўша бошни кўтариб юрган одамнинг ўзига ҳам хавфи йўқ.

Бироқ, "скинхед" - сочини қирдириб юрадиган оддий ўсмир эмас. У ўз миллатидан бошқа миллатни назарга илмайдиган, бошқа миллат вакилларини калтаклашга, ўлдиришга қарор қилган фашистдир.

Санкт-Петербурглик ўшандай фашистлар гуруҳи 9 феврал куни кечқурун 9 яшар тожик қизча -Хуршидани ўлдириб кетди.

Аввало, юз берган даҳшатнинг тафсилотлари билан таништирай. Бир қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан Fontanka. ru сайти ҳамда Озодлик радиоси мухбирининг хабар беришича, 9 феврал кечқурун, маҳаллий вақт билан 9 дан 16 дақиқа ўтганда Санкт-Петербург шаҳри "тез ёрдам" станцияларидан бирига бир киши ва икки ёш болани номаълум кимсалар чавақлаб кетгани тўғрисида хабар келиб тушади.

Воқеа содир бўлган жойга 10 дақиқага қолмай етиб келган "тез ёрдам" бригадаси қонга беланиб ётган 35 яшар Юсуф Султоновни, унинг 9 яшар қизи Хуршидани ҳамда 11 га кирган жияни Олабирни кўради. Врачлар етиб келгунича, кўп қон йўқотганлиги сабабли, Хуршиданинг жони узилиб бўлган эди. Докторлар унинг танасига 11 марта пичоқ урилганини қайд этадилар.

Бу маълумотларни Санкт-Петербург шаҳри милицияси матбуот вакили Павел Раевский Озодлик радиоси мухбирига берган интервьюсида тасдиқлади.

11 яшар Олабирнинг бош чаноғи сингани, мияси чайқалгани қайд этилади. Олабир, "тез ёрдам" врачининг ҳикоя қилишича, воқеа содир бўлган жойда бир машина бўлгани ва у қочиб ўша машина ортига яшириниб олгани туфайлигина тирик қолган.

Олабирнинг амакиси, Хуршиданинг эса отаси Юсуф Султонов қаттиқ шикастланган, унинг ҳам мияси чайқалган. Олабир ҳам, Юсуф ҳам касалхонада.

Маълум бўлишича, Султонов қизи ва жияни билан Петербургдаги Юсупов боғида сайр қилиб қайтаётганида уларнинг ортидан қўлларида занжир, таёқ ҳамда пичоқ бўлган 10 га яқин йигит таъқиб қила бошлаган. Безорилар Султоновларга Бойцов кўчасидаги 4 уйнинг йўлагида ҳужум қилган. Ҳужум оқибатлари тўғрисида айтиб ўтдик.

Милиция матбуот котибининг айтишича, ҳужум қилганлар ёш йигитлар бўлгани тўғрисида воқеа шоҳидлари кўрсатма берган.

Санкт-Петербург милицияси жиноятчиларни излаб топишга ҳаракат қилаяпти. Маълумотларга қараганда, жиноят содир этилган жой атрофида яшовчи ёшларнинг аксарияти сўроқ қилинган.

Кейинги пайтларда умуман Россия, хусусан, Москва ва Санкт-Петербургда миллатчи ёшлар – скинхедлар кўпайгани, улар рус бўлмаганларга систематик равишда ҳужум қилаётганлари тўғрисидаги хабарлар янгилик бўлмай қолди. Айниқса, ёш болалар скинхедлар қурбонига айланиб қолмоқда. Масалан, ўтган йили апрел ойида шаҳар юбилейи тантаналарида иштирок этиш учун Германия делегацияси сафида келган туркиялик болалар шаҳар метросида калтаклаб кетилган эди. Ўшанда жиноятчилар қўлга олинган, безориларнинг энг каттаси 22 га, кичиги 18 га кирган маҳаллий рус йигитлари эди.

2003 йилнинг 21 сентябрида эса, болта ва пичоқлар билан қуролланган скинхедлар тирикчилик ташвишида Петербургга бориб қолган тожикистонлик лўлилар оиласига ҳужум қилган. Ўшанда 6 яшар қизча нобуд бўлган эди.

Маълумотларга қараганда, 2003 йилнинг охирида биргина Санкт-Петербургнинг ўзида 22 ярим минг ўсмир агрессив ташкилотлар аъзоси эканлиги қайд этилган.

10 феврал оқшомида юз берган фожиадан сўнг Россия Президентининг Шимоли-Ғарбий Федерал Округидаги мухтор вакили Илья Клебанов округнинг куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралари вакиллари билан ёпиқ мажлис ўтказди. 9 феврал оқшомида юз берган фожиани шарҳлар экан, у "биз ўрта асрларга хос бундай ёввойиликка қарши курашишимиз лозим", деди.

Санкт-Петербург губернатори Валентина Матвиенко эса, "жиноятчиларни ернинг тагидан бўлса ҳам топиб, бошқаларга ўрнак бўладиган қилиб судлаш" тўғрисида ҳуқуқ-тартибот органларига топшириқ берди.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот котиби Муҳаммад Эгамзод Озодлик радиоси мухбирига берган интервьюсида, "Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси 9 яшар Хуршида Султонованинг қотилларини топиб, жазолашни талаб қилади", - деди.
XS
SM
MD
LG