Линклар

“Ал Қаида” номига битилган мактуб АҚШ ҳарбийлари қўлига тушди

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқда фаолият олиб бораётган номаълум террорчи гуруҳлар Ироқдаги суннилар ва шиалар ўртасида адоват қўзғотиб, вазиятни янада кескинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Яқинда Ироқдаги Америка ҳарбийлари бундан далолат берувчи бир мактубни қўлга туширганлар. Унинг муаллифи, деб кўрсатилаётган Абу Мусаб Зарқави Ал-Қаида террор ташкилотидан ёрдам сўрайди.

АҚШнинг Ироқдаги бош ҳарбий қўмондони Марк Киммит душанба куни ушбу мактубни Ироқда фаолият олиб бораётган, асли иорданиялик бўлган Абу Мусаб Зарқавий исмли шахс ёзганини таъкидлади: "Ушбу мактуб муаллифи Зарқавий бўлганига биз аминмиз. Тушунишимизча, мактуб воситачи ёрдамида Ироқдан четга юборилиши керак бўлган", - деди Киммит.

Компакт дискга ёзилган 17 саҳифалик ушбу мактубда Заркавий Ироқда унинг одамлари уюштирган 25та террор ҳужуми ҳақида ҳисобот беради. Яъни, Пентагон расмийларига кўра, бу ерда гап 200га яқин киши ўлимига сабаб бўлган Бағдоддаги БМТ қароргоҳи олдидаги, Нажаф шаҳридаги шиалар муқаддасгоҳидаги портлашлар ҳақида бормоқда.

Айни пайтда мактуб эгаси гуруҳнинг Ироқдаги америка харбийларини мамлакатдан хайдаб чиқариш уринишлари кутилган натижани бермаётганидан нолийди. Шу боис Абу Мусаб Заркавий "Ал-Қаида" раҳбариятига ёзган мактубида Ироқда сунни араблар ва шиалар ўртасида диний адоват қўзғотиш йўли орқали бунга эришиш мумкинлигини ва бу режа шу йил июн ойига қадар, яъни АҚШ хокимиятни ироқликлар қўлига топширгунларига қадар амалга оширилиши кераклигини қайд этади. Мактуб муаллифига кўра, Ироқда турли мазхаблар орасида диний адоват келиб чиқса, бу арабларни янги ҳужумларга чорлаши ва Ироқдаги Ал Қоида тарафдорлари сафини кенгайтириши мумкин.

АҚШ расмийларига кўра, Заркавий кўплаб террор амалиётларига жавобгар. У икки йил олдин Аммонда АҚШ дипломатига қарши суиқасдда ҳам айбланган. Ўтган йил АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл БМТ Хавфсизлик Кенгашида қилган маърузасида Заркавий номини тилга олиб, бу одамнинг Ироқда эканлиги, у Саддам Хусайн режими ва халқаро террорчи гуруҳлар ўртасида алоқа борлигига ишора қилган эди. Пауэлл душанба кунги чиқишида қўлга туширилган мактуб унинг бир йил олдин айтган сўзларини тасдиқлаганини қайд этди. Абу Масуб ал Зарқавийнинг ҳозир қаердалиги номаълум.
XS
SM
MD
LG