Линклар

logo-print

Имзо қўйиб балога қолганлар


Турғунбек Хабарларга кўра, Андижонда “Бирлик халқ ҳаракати” ва “Озод деҳқон” партияларини рўйхатдан ўтказиш учун тўпланган имзолар эгалари тазйиққа олинган.

Андижон тумани Найман қишлоғининг Янгиобод маҳалласида истиқомат қилувчи, “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг рўйхатдан ўтиши учун имзо қўйган Комилжон Абдуллаевнинг айтишича, 9 февраль куни кечқурун маҳалла фуқаролар йиғини раиси Турсунбой Раззоқов унинг хонадонига келиб, туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига (ФҲДЁ) бориши лозимлиги айтган. Эртаси куни К.Абдуллаев паспорти билан ФҲДЁга келади. Бу ерда паспортдаги имзо билан “Бирлик”ни рўйхатга олиш учун қўйилган имзо солиштириб кўрилган.

К.Абдуллаев билан бирга унинг турмуш ўртоғи Офтобхон Абдуллаева ҳам ФҲДЁга чақиртирилган. Ундан ҳам тушунтириш хати ёздириб олинган. “Бирлик” учун нимага қўл қўйгани юзасидан сўроқ ўтказилган.

Андижон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Дилшод Тиллахўжаев 10 февраль куни нафақат “Бирлик”, балки “Озод деҳқон” аъзолари билан ҳам тушунтириш хати ёздириш, савол-жавоб ўтказиш ҳолатлари бўлганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу каби тадбирлар расмий ташкилотлар томонидан вилоят миқёсида амалга оширилган. Мазкур партияларни рўйхатдан ўтказиш учун имзо қўйганларга нисбатан бундай ҳолатлар Шаҳрихон ва Марҳамат туманларида ҳам кузатилган. Фуқароларга ўтказилаётган тазйиқлар “Бирлик” ва “Озод деҳқон”ни рўйхатга олмаслик юзасидан қилинаётган ишлардир. Чунки ҳукумат томонидан тузилган партиялар учун тўпланган имзолар бирор марта текширилмаган эди, деди Д.Тиллахўжаев.

Андижон тумани ФҲДЁси мудираси Дилфуза Мамажонова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда имзо қўйган фуқаролардан тушунтириш хати ёздириб олинганини тан олди. Лекин бошқа маълумотлар беришни рад этди.
XS
SM
MD
LG