Линклар

logo-print

Судда бўёқ можароси кўрилмоқда


Шайбон Ўтган йилнинг май ойида “Моҳият” мустақил газетасида журналист Мўмин Қаюмовнинг “Икки банка бўёқ ёки Ангрен шаҳар болалар шифохонаси бош шифокори ҳақида бир шингил қисса” сарлавҳали танқидий мақоласи эълон қилинганди.

Мақола муаллифи бош шифокор Гулсара Эрбўтаевани беморлардан пора олишда айблаганди. Мазкур мақолада ўзига туҳмат қилинган санаб Г.Эшбўтаева журналистни ва “Моҳият” газетасини судга берганди. Миробод тумани фуқаролик суди даъвогарнинг даъвосини қаноатлантириб, жавобгарларга 500 минг сўм жарима белгилаганди.

10 февраль куни Тошкент шаҳар фуқаролик судида мазкур ишни аппеляция тартибида кўриб чиқиш бошланди.

Журналист М.Қаюмов Миробод туман фуқаролик суди ҳукми ўз иштирокисиз ўқиб эшиттирилгани учун ишни аппеляция тартибида кўришни сўраб ариза ёзишга жазм қилганини билдирди. У биринчи судда мақолада номи тилга олинган гувоҳлар иштирок этмагани, ҳатто чақирилмаганини таъкидлади.

Гувоҳ аёлнинг айтишича, у ўз фарзанди учун шифо сўраб, Ангрен шаҳар болалар шифохонасига мурожаат қилган. Лекин болани операция қилиш учун бош шифокорнинг рухсати зарур бўлган. Бош шифокор эса аёлдан икки банка бўёқ олиб келишни, шундан сўнг операцияга рухсат беришини айтган. Бўёқ олиб келингандан сўнггина операцияга рухсат берган.

Яна бир онахон ҳам шифохонага олиб келинган невараси зудликда операция қилиниши зарурлиги, лекин бош шифокор бунга қаршилик қилганини билдирди.

Бу аёлларнинг айтганлари журналист М.Қаюмовнинг мақоласида ҳам келтириб ўтилган. Аммо шифохона раҳбари Г.Эрбўтаева бу далилларнинг туҳмат эканини таъкидламоқда.

Аппеляция судида гувоҳ сифатида қатнашаётган фуқаролар эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бош шифокорнинг “бўёққа ўчлиги” мақолада тўғри келтирилганини яна бир бор тасдиқлади.

Суд якунига етай деб қолганида кутилмаганда Г.Эрбўтаева гапириш истаги борлигини билдирди. У шифохона давлат таъминотидан бебаҳра қолаётгани боис таъмирлаш ишлари фуқаролар томонидан берилаётган хайрия эвазига амалга оширилаётганини таъкидлади. Бош шифокор мақолада тилга олинган бўёқларни фуқаролар ўз ихтиёри билан берганлигини айтиб ўтди.

Суддаги бу гапларни ёзишга рухсат йўқлиги сабабли “Озодлик” мухбири суддан сўнг ундан айтганларини такрорлашни илтимос қилди. Аммо у мақолада қайд этилган ҳолатларга изоҳ билдиришни лозим топди. Бош шифокорнинг айтишича, шифохонада 44 тиббий ходим хизмат қилади. Улар орасида шахсий манфаати йўлида ишлайдиганлари ҳам бор ва улар ота-оналарга (бўёқ масаласида) нотўғри ахборот берган бўлиши мумкин.

Суд ҳайъати тарафлар келтирган далилларни ўрганиб, 17 февраль куни мазкур иш юзасидан якуний хулосага келишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG