Линклар

Чордара муаммоси яна диққат марказида

  • Барно Анвар

Айрим манбаларнинг маълум қилишича, Ўзбекистон билан Қозоғистон Чордара сув омборидан Арнасой кўлига сув ташлаш ҳажмини кўпайтириш юзасидан келишувга эришган.

Маълумотларга кўра, 9 февраль куни Қозоғистон Сув ресурслари қўмитаси раиси Анатолий Рябцев Чордара сув омборида юзага келган муаммо юзасидан брифинг ўтказган. Брифингда 2004 йилнинг 7 февралигача Чордарада тўпланган сув миқдори 4 миллиард 893 миллион куб метрга етгани таъкидланган. Шунингдек, агар Ўзбекистон ва Қирғизистон жорий йилнинг 4 январида имзоланган уч томонлама шартномага амал қилганида Чордарадаги сув миқдори ҳозиргидан 656 миллион куб метр кам бўлиши айтиб ўтилган.

7 февраль куни эса Тошкентда томонлар ўртасида худди шу масалада учрашув бўлиб ўтган. Бу учрашувда Ўзбекистон вакиллари ҳозирда давом этаётган Арнасой сув омбори қурилишини (бу қурилиш уч йил муқаддам бошланган эди) яқин ўн кун ичида тамомлаш ва Чордарадан 750-1000 куб метргача сув олиш имкониятини яратишга рози бўлган.

Хўш, Арнасой сув омбори қурилиши ўн кунда тугайдими? Ўзбекистон томони охир-оқибатда шундай қарорга келар экан, бунга аввалроқ уриниш мумкинмиди?

“Озодлик” мухбири шу каби саволлар билан Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг сув иншоотлари қурилиши бошқармасига мурожаат қилиб, бирорта жавоб ола олмади.

Ўзбекистон ҳукумати нашри бўлмиш “Народное слово” газетасининг ёзишича, Чордара муаммосининг асл сабаби - Тўхтағўл сув омборининг ирригацион иш тартибидан гидроэнергетик тизимга ўтиб ишлаётганида. Мазкур сув омборида ёзда бу ердаги ГЭС эҳтиёжи учун меёридан ортиқ сув тўпланади. Бу ҳолат Орол денгизига тегишли миқдордаги сув етиб бормаслигига ҳам олиб келмоқда, дея таъкидлайди газета.

Хуллас, турли манбалар келтираётган маълумотларга таянилса, ҳар уч давлат Чордара муаммосининг ечилмаётганига бир-бирини айблаш билан машғулдек туюлади. Бироқ муаммонинг тобора жиддийлашиб бораётгани бундай мунозараларнинг фурсати эмаслигини кўрсатиб турибди.

Аммо, норасмий манбаларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон томони ваъда қилган чора - Арнасой сув омборининг ишга туширилиши хавфли вазиятни бартараф эта олмайди. Чунки бу иншоот атиги 700-800 миллион куб метр сиғимга эга ва у секундига 750-1000 куб метр сувни қабул қила олмайди.

Ўзбекистон сув муаммолари институти директори Эрназар Маҳмудовнинг билдиришича, мамлакатдаги соҳа мутахассислари шу кунларда Тузкон кўллар тизими (Арнасой шу ерда жойлашган) ва Чордара сув омборида бўлиб, вазиятни ўрганмоқда. Дастлабки хулосаларга асосланилган таклифлар эса қуйидагича: “Бу кўллар сатҳи Амударёникидан 80-100 метр баланддир. Мазкур оралиқда уч юз километрлик канал қурилса, Амударё орқали бу ердаги сувни Оролга ташлаш имконияти пайдо бўлади”.

Геология-минерология фанлари номзоди Ҳидоят Валиев эса Қирғизистоннинг ёнилғига бўлган эҳтиёжларини қондиришнинг бошқа йўллари излаб топилиб, Тўхтағўл сув омборидан ирригацион тартибда фойдаланишга ўтилса, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG