Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:02

Меъморий обидалар ва кўзи ожиз гадойлар – бугунги Самарқанд тимсоллари


Нурбек Самарқандда беш мингга яқин кўзи ожиз ногирон бор. Улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар сотилмаётгани туфайли ногиронларга ойлик маош бериш муаммога айланган.

Тирикчиликнинг сўнгги имконияти сифатида кўзи ожизларнинг бир қисми бозорларда тиланчилик қилишга мажбур бўлмоқда.

Вилоят кўзи ожизлар жамияти бошқаруви раиси Садриддин Пўлатовнинг айтишича, бу тоифадаги ногиронлар эътибордан бутунлай четда қолмоқда. Уларнинг аксарияти дуч келган иш билан шуғулланиб кун кечиряпти. Вилоятда кўзи ожизлар ишлайдиган учта корхона мавжуд. Бу корхоналарнинг маҳсулотлари омборларда тўпланиб қолаётир.

С.Пўлатов кўзи ожизларга ёрдам қўлини чўзишни сўраб, вилоят ҳокимлигига бир неча марта мурожаат қилинганини таъкидлади. Унинг билдиришича, ҳоким ўринбосарлари Йўлдош Суюнов ва Нодир Хонов бу аризаларга жавоб қайтармаган. Ўзи эса икки ойдан буён вилоят ҳокими қабулига кира олмай сарсон-саргардон.

Жамият биноси Самарқанд шаҳри Қўшҳовуз кўчасидаги 68-уйда жойлашган. Машиналар серқатновлиги, пиёдалар учун йўлка йўқлиги сабабли бу жойда кўзи ожизлар билан турли бахтсиз ҳодисалар содир бўлмоқда. Шу боис, жамиятга янги бино ажратиш долзарб масаладир.

С.Пўлатов жамият томонидан кўзи ожизларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш имкони йўқлигини маълум қилди. Унинг фикрича, кўзи ожизларга ҳам ер участкалари ажратиб берилса, кўпгина муаммолар ҳал этилган бўларди.

Жамият аъзоси Шаҳодат Муҳаммадиеванинг айтишича, Меҳр ва мурувват йилида кўзи ожизларнинг мурувватга муҳтож ҳолда яшаши мантиққа зиддир.

Самарқанд шаҳри Маҳмуд Кошғарий кўчасидаги 56-уйда кўзи ожизлар кутубхонаси жойлашган. Кутубхона мутасаддилари зиё масканида зарурий қўлланмалар, газета ва журналларнинг йўқлиги сабабли китобхонлар маънаний озуқа олиш имконидан маҳрум бўлаётганини билдирди.

Кутубхона мудираси Тожихон Охунова 2003 йилда “Озодлик” радиоси мухбирига интервью бергани учун тазйиққа учрагани, шу боис муаммолар тўғрисида гапира олмаслигини айтди. Аммо сал ўтгач, виждонига қарши иш тутишга қийналди, шекилли, айрим мулоҳазаларини баён қилди. Унинг айтишича, меҳр-мурувват муҳтожларга эмас, балки уларга раҳбарлик қилаётганларга кўрсатилмоқда. Вилоятда яшайдиган кўзи ожизларнинг 90 фоизи ишсиз юрибди. Улар ишлаб чиқарилишга жалб этилса, бозорларда қўшиқ айтаётган ногиронлар камайган бўларди. Самарқанд сайёҳлар шаҳри экани эътиборга олинса, кўзи ожизларнинг бу ҳолати юртни хорижликлар нигоҳида анча-мунча ғариблантиради.
XS
SM
MD
LG