Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:02

“Қумтор” олтин кони кимники бўлади?


Абдуллоҳ Эргаш Қирғизистондаги “Қумтор” олтин кони мамлакатдаги энг жанжалли масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Йилига 20 тонна сифатли олтин қазилувчи бу конда Канаданинг “Камеко” корпорацияси билан ҳамкорликда ишланади. Бироқ, Қирғизистон ҳукумати “Қумтор”ни ишлатишда асосий улушга эга бўлишига қарамай, фойданинг асосий қисми “Камеко” корпорацияси ҳисобига ўткизилади.

Қирғизистон Бош Вазири Николай Танаев “Қумтор” олтин конини ишлатиш бўйича Канаданинг “Камеко” корпорацияси билан тузилган шартнома қайта кўриб чиқилганлигини билдирди.

“Бу Қумтор компаниясини реструктуризация қилиш борасидаги охирги ва қатъий қарордир”, - деди Николай Танаев.

Янги шартномага кўра, “Камеко” корпорацияси ўзига берилган солиқ имтиёзларидан воз кечади. Бунинг эвазига Қирғизистон хазинасига йилига 30 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча даромад тушади

Расмий маълумотга кўра, Қирғизистон “Қумтор” олтин конини таъсис этилганда 53 фоиз, “Камеко” эса 47 фоиз улуш қўшган. Янги шартномага кўра эса, эндиликда Қирғизистон “Қумтор” акцияларининг фақат 33 фоизига эгалик қилади. 67 фоиз ҳиссалар эса Канаданинг “Камеко” корпорацияси ихтиёрига ўтади. Қирғизистон улушидаги 20 фоиз акциянинг қаерга йўқолганлиги борасида эса хеч қандай маълумот йўқ. Бу ҳақда қирғизистонлик мустақил кузатувчи Ғанижон Холматов шундай деди:

“Қирғизистонда “Қумтор” конининг ишлатилишидан тушаётган даромадлар ҳажми ҳозиргача бирон бир ташкилот томонидан аниқ ўрганилган эмас. Айни пайтда акциялар мутаносиблигидаги ўзгариш бу масалани янада чалкаштиради”, - дейди Ғанижон Холматов.

“Комеко” корпорацияси билан Қирғизистон ҳукумати ўртасида тузилган аввалги шартномада, “Қумтор” 2005 йилга бориб тўлиқ ишга туширилиши кўзда тутилган. Янги шартнома эса бу режани йўққа чиқариши мумкин. Бу ҳақда Ғанижон Холматов:

“Аввалги маълумотларда “Камеко” 2005 йилгача “Қумтор” олтин конини тўлиқ ишга туширади, дейилган эди. Акциялар тақсимланишидаги ўзгаришлар ва янги шартноманинг тузилиши бу маълумотнинг асоссиз эканлигини исботламоқда”,- деб фикр билдиради.

“Камеко” корпорацияси дунёдаги бир неча конларда олтин қазиш ишларини олиб боради. Бироқ, бу конлар ичида энг кўп фойда келтирадигани ва айни пайтда ишлаётгани “Қумтор” конидир. “Камеко” президенти Лен Хоменюк бу ҳақда шундай деди:

“Бизнинг ҳисобимиз бўйича, “Қумтор”дан ташқари бизга тегишли конларда 1 миллион унция олтин бор. Лекин шубхасиз энг фойда келтирадигани “Қумтор”дир”, - деди Лен Хоменюк.

Унга кўра, шунинг учун ҳам “Камеко” корпорацияси Қирғизистон ҳукумати томонидан берилган солиқ имтиёзларидан воз кечган. “Янги шартнома Қирғизистон учун ҳам, биз учун ҳам фойдалидир”,- деди “Камеко” президенти Лен Хоменюк.

Лекин Қирғизистон Парламенти - Жогорку Кенеш Қонун чиқариш йиғини депутати Ўрозбек Дуйшеевга кўра, бу шартнома Қирғизистон учун кўпроқ зиён олиб келади:

“Биз “Қумтор”га эгалик ҳуқуқини ва бизга тегишли фойданинг катта қисмини йўқотяпмиз. Бу шартнома Қирғизистон учун зарарлидир”, - деди депутат Ўрозбек Дуйшеев.

Депутатга кўра, “Камеко” корпорацияси билан Қирғизистон ҳукумати ўртасида тузилган шартнома парламентда муҳокама қилинади. Кўпчилик депутатлар “Қумтор” кони акцияларининг атига 33 фоизи Қирғизистонга қарашли бўлишига норозилик билдириши кутилмоқда. Қирғизистонлик кузатувчи Ғанижон Холматовга кўра, бу “Қумтор” олтин кони юзасидан Парламентда янги жанжал бошланишига сабаб бўлади. Чунки:

“Қирғизистонда бирон бир катта корхона қирғизистонликларники бўлмайдиганга ўхшаб турибди. Кўп корхоналар Қирғизистоннинг бир ярим миллиард долларлик ташқи қарзи эвазига сотилиб кетган”, - дейди Ғанижон Холматов.

Қирғизистон Бош Вазири Николай Танаев эса бу борада шундай фикр билдиради:

“Парламент албатта бу шартномани ўрганиб чиқади. Эҳтирослар сўниб, рақамлар ўрганиб чиқилганда депутатлар бу шартнома, шубхасиз, Қирғизистон учун фойдали эканини тушуниб етадилар”, - деди Бош Вазир Николай Танаев.
XS
SM
MD
LG