Линклар

logo-print

Сув тошқини бўладими?


Абдуллоҳ Эргаш Шу кунларда Қирғизистондаги Норин- Сирдарё сув омборида сув ҳажмининг кескин ошганлиги Марказий Осиё минтақасида тошқин хавфини туғдирмоқда. 11 феврал куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Бош вазирларининг ўринбосарлари ушбу хавфнинг олдини олиш мақсадида Бишкекда учрашув ўтказдилар.

Норин- Сирдарё сув омборларида сув ҳаддан зиёд кўпайгани айни пайтда Марказий Осиё минтақаси учун долзарб муаммо бўлиб турибди. Бишкек учрашувидан бир ой олдин Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон Бош Вазирлари ўринбосарлари Чимкентда учрашиб, Қозоғистондаги Чордара сув омбори тўлиб тошганлиги масаласини кўриб чиққан эдилар. Расмийларга кўра, ўша учрашувда олинган мажбуриятлар учала давлат томонидан кўп жиҳатдан бажарилган ва натижада Чордара сув омборидаги тошқиннинг олди олинган.
Қирғизистон расмийлари ҳозир Норин - Сирдарё сув омборларидаги вазият ҳам назорат остида эканлигини билдиришди. Лекин, Қирғизистон Бош Вазири ўринбосари Бозорбой Мамбетовга кўра, сув тошқини хавфи ўтиб кетди, дейишга ҳали эрта.

“Сирдарё ҳавзасидаги сув омборларининг барчасида сув жиддий кўпайган. Демак, Сирдарёнинг қуйи оқимидаги сув омборлари тўғонини сув бузиб кетиши хавфи сақланиб қолмоқда. Демак биз шу кунларда зудлик билан қўшимча чора-тадбирларни белгилаб олишимиз зарур”, - деди Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Бозорбой Мамбетов.

Мутахассисларнинг билдиришларича, бу йил ёғингарчилик кўп бўлади. Бу эса, сув омборларида сувнинг муайян миқдорда сақлаб туришни қийинлаштиради. Шунинг учун уч давлат-Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон табиий офат олдини олиб, ҳамкорликда ҳаракат қилиши заруратга айланмоқда.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Ўткир Султоновга кўра, Ўзбекистоннинг уч вилоятида оғир ахвол юзага келган. Бу вилоятларда сув оқими аҳоли пунктларига яқинлашиб қолган. Бу ҳақда гапирар экан Ўткир Султонов:

“Биз вазият хафли деган таҳминга асосланиб бу ерда музокара ўткизяпмиз. Ўзбекистоннинг уч вилоятидаги вазият ўрганилганда, у ерда таҳмин ҳақиқатга яқинлашиб қолганлигини кўрмоқдамиз”, - деди Ўткир Султонов.

Ўзбекистон расмийсининг айтишича, бу вазиятда Қирғизистон ва Қозоғистон барча зарур чора-тадбирларни амалга ошириши керак, Ўзбекистон эса қўлидан келганича табиий офатнинг олдини олишга ҳаракат қилади.

Қозоғистон Бош Вазири ўринбосари Ахметжан Есимов Норин - Сирдарё сув омборларидаги тошқин айниқса Қозоғистон учун жуда катта ижтимоий ва экологик муаммолар туғдириши мумкинлигини қайд этди. Унинг айтишича, шу кунгача Чордара сув омборида сувнинг меъёридан ортиқ тўплангани натижасида 2 миллион долларлик зиён кўрилган. Қозоғистон расмийси Қирғизистондан Чордара сув омборига секундига 47 кубометр ортиқча келиб қўшилаётганини айтди. Ўзбекистон томони эса Сирдарё ҳавзасига секундига 350 кубометр ўрнига 202 кубометр сув қабул қилмоқда. Бу эса, Қозоғистон ҳукумати вакилига кўра, Чимкентда имзоланган шартнома тўла равишда бажарилмаётганлигини билдиради. Ахметжан Есимов агар шартнома тўлиқ равишда бажарилмаса:

“Вазият назоратдан чиқиб кетиши ва бу минтақада улкан ижтимоий, экологик муаммоларни пайдо қилиши мумкин”, - деб билдирди.

Бишкек учрашув сўнггида Бош Вазирлар сув омборларидаги сув тошишининг олдини бўйича янги ҳужжатни имзоладилар.
XS
SM
MD
LG