Линклар

logo-print

АҚШ Президентининг ядровий қуролларни тарқатмасликка оид янги ташаббуси


Фарангис Саид - Инсоният олдидаги энг катта хатар – кимёвий, биологик, радиологик ёки ядровий қурол ёрдамидаги махфий ва кутилмаган ҳужумдир. Шундай дер экан, чоршанба куни Вашингтондаги Миллий Мудофаа Институтида қилган чиқишида АҚШ Президенти Жорж Буш, ядровий материал ва технологияларнинг террорчилар қўлига тушиши олдини олишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Бушнинг фикрича, Ядровий қуролни тарқатмаслик Халқаро Битими совуқ уруш даврида самара берган бўлса-да, ҳозирга келиб у етарли бўлмай қолди:

- Бу даҳшатли қуролларни қўлга киритиш, ясаш, беркитиш ва бир жойдан бошқасига олиб ўтиш осонроқ бўлиб бормоқда. Биологик қуролнинг бир шишаси ёки бир ядровий қурол билан ақидапарастларнинг кичик гуруҳи ёҳуд заиф мамлакатлар буюк давлатга ёки жаҳон тинчлигига таҳдид солиши мумкин.

Шундай дер экан Жорж Буш, Покистон ядровий бомбаси ихтирочиси Абдул Қодир Хоннинг ядровий технологияларни Ливия, Эрон ва Шимолий Кореяга сотганини мисол келтирди.

Покистондаги каби ҳолларнинг олдини олиш мақсадида, АҚШ раҳбарига кўра, биринчи навбатда, турли давлат ҳарбий ва разведка хизматлари орасида маълумот алмашинуви амалиётини йўлга қўйиш лозим. Айни вақтда, чегаралар назорати кучайтирилиши керак. Буш, шунингдек, ядровий ва шу каби соҳаларда изланиш олиб бораётган олимларга яхши маош тўланиши кераклигини таъкидлаб, бу уларнинг порахўрлик ва бошқа жиноятлардан асрашини айтди.

Етти қисмдан иборат режанинг яна бир қисмига кўра, Халқаро Атом Энергияси Агентлигининг инспекциялар ҳақидаги Қўшимча Протоколини имзолаган давлатларгина тинчлик мақсадидаги ядровий дастурлари учун асбоб-ускуна импорт қилиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак.

Уран ва плутонийни бойитиш учун ускуналар савдоси эса фақат бу каби технологияларга эга бўлган давлатлар орасида амалга оширилиши мумкин. Бундай давлатлар қирқта бўлиб, улар “Ядровий таъминотчилар” гуруҳига киритилган. Бушга кўра, рўйхат шу 40 давлат билан чекланиши керак.

Хўш, АҚШ Президентининг таклифи қандай қабул қилинмоқда?

Лондондаги Стратегик Тадқиқотлар Халқаро Институти таҳлилчиси Гэри Сеймор Буш режасининг умумий моҳиятига қўшилишини айтади:

- Менимча, бу чораларнинг айримларигина қабул қилинади. Зотан, хуқуқ-тартибот органлари орасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги ҳақида кўпдан якдиллик бор.

Мутахассис “Ядровий таъминотчилар” гуруҳига оид таклиф қабул қилинади, деб ҳисоблайди. Айни вақтда Сеймор, Исроил, Ҳиндистон ва Покистон масаласида муаммолар вужудга келиши мумкинлигини айтади. Чунки бу уч давлат Ядровий қуролни тарқатмаслик Халқаро Битимини имзоламаган ҳолда ядровий қуролга эгалигини эътироф этган.

Лондонлик мутахассис фикрича, ОҚҚ тарқалишининг олдини олиш учун бутун жаҳон ҳамжамиятига таалуқли ташаббусларни илгари сурмай, алоҳида давлатларнинг ядровий қурол тарқатиш имконларини чекловчи режа ишлаб чиқиш тўғри бўлади. “Масалан, - дейди Гэри Сеймор, - АҚШ Ливияга ядровий дастуридан воз кечиш борасида босим кўрсатар экан, эвазига сиёсий ва иқтисодий ёрдам беришни ваъда қилди. Эрон ёки Шимолий Кореяга ҳам айни ёндашувни қўллаш мумкин”.

Буш режасидан тушириб қолдирилган муаммолардан бири қуролсизланиш масаласидир. Ҳолбуки, Сеймор фикрича, дунё мамлакатларидан ядровий қурол ишлаб чиқармасликни сўрамоқчи бўлган АҚШ ўз ядровий арсеналини камайтириши лозим. Бундай фикрни Халқаро Атом Энергияси Агентлиги раҳбари Муҳаммад Эл-Барадей ҳам билдирди.
XS
SM
MD
LG