Линклар

ОДДИЙ ИРОҚЛИКЛАР ҚУРБОН БЎЛМОҚДА. НЕГА?

  • Сарвар Усмон

Бу мамлакатда қаторасига икки кун - 10 ва 11 феврал кунлари мина ўрнатилган учта машина портлатилиб, қарийб 100 нафар бегуноҳ ироқлик нобуд бўлди. Хўш, ким уюштираяпти бу портлашларни? Нима учун тинч аҳоли бомбачилар нишонига айланиб қолмоқда?

Оддий ироқликларга қарши қилинган ҳужумлар 10 ва 11 феврал кунги портлашлар билан чекланмайди. Келинг, мана бу беҳис статистика билан танишайлик.

Шу йил январининг биринчи ўн кунлиги. Бағдоддаги АҚШ Маъмурияти биноси яқинида худкуш бомбачи портлатган бомбадан оддий ироқликлардан қарийб 20 нафари нобуд бўлди.

1 феврал. Ироқлик курдларнинг АҚШга хайрихоҳ икки партияси қароргоҳлари олдида портлатилган икки бомбадан 100 дан зиёд оддий ироқлик қурбон бўлди.

10 феврал. Бағдоддан 40 чақирим наридаги Искандария шаҳри полиция участкаси олдида мина ортилган машина портлатилиб, қарийб 50 ироқлик ўлди.

11 феврал. Ироқ армиясига чақирув пункти олдида мина юкланган машина портлатилиб, камида 46 оддий ироқлик ҳалок бўлди.

Энг сўнгги воқеа шоҳиди бўлган Аббос Фадхил юз берган даҳшат манзарасини чизиб берар экан, жумладан шундай деди:

- Мен 200 га яқин маҳаллий йигитлар билан кўчада турувдим, бирдан бомба портлади. Америкаликларга зарар етмади, чунки улар чақирув пункти ичида эдилар.

Келтирилган рақамлар воқеа содир бўлиши биланоқ эълон қилинган маълумотлардан олинди. Уларнинг ҳаммасини жамласак, бир ой ичида камида 216 бегуноҳ ироқликнинг бомбачилар қурбони бўлганини кўрамиз. Олган жароҳатлари туфайли кейинроқ жон берганлар ҳам бўлиши мумкинлигини ҳисобга олсак, бу рақам янада кўпайиши мумкин.

Хўш, нима учун кейинги пайтларда оддий ироқликлар портлашларни уюштирувчилар нишонига айланиб бормоқда? Қандай кучлар уюштираяпти бу портлашларни? Ироқнинг АҚШ етакчилигидаги Муваққат маъмурияти вакиллари бу саволларнинг жавоби тариқасида ҳар доим айтиб келган жавобларини айтмоқдалар. Яъни, портлашларни собиқ президент Саддам Ҳусайн етакчилигидаги Баас партияси аъзолари, Ҳусайн давридаги "Фидоин" милициясининг жон сақлаб қолган ходимлари ҳамда халқаро террористлар уюштирмоқда.

Мана АҚШ армияси вакили Ралф Бейкернинг жавоби:

- Ҳозирча, бу ҳужумларга ким масъуллигини аниқлашнинг иложи йўқ. Аммо ҳужумларнинг услубидан уларни Ал-Қайда ёки Ансар ал-Ислом ташкилотлари уюштирганлигини тахмин қилиш мумкин.

Радиомизнинг Ироқдаги мухбири Сами Алхўжа бу хусусда маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. "Мен баъзи ироқликлар билан гаплашдим, улар бу ҳужумларни америкаликларнинг ўзлари уюштираяптилар", деган фикрда, дейди Сами.

Портлашлардан бири Ироқ армиясига чақирув пунктларидан бири олдида юз берган. Портлаш қурбони бўлганлар армияга ёлланиш учун келган ироқлик йигитлар эди. Аҳоли орасида мухбиримиз Сами айтгандай кайфият бор экан, Ироқ полицияси ва армиясига ёлланмоқчи бўлганлар сони озайгандир?

Маълумотларга қараганда, озайгани йўқ ва шу ўринда навбатдаги, нима учун, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга жавоб излаб, чуқур фалсафий мушоҳадалар қилиб ўтиришга ҳожат йўқ. Жавоб аниқ. Мамлакатда иш йўқ. Аҳолининг қарийб ярми ишсиздир. Армия ёки полицияга ишга кирган ироқлик эса, ойига 200 доллар миқдорида маош олиши мумкин.
XS
SM
MD
LG