Линклар

АҚШ Президенти Жорж Буш араб дунёсига демократия олиб кириш режаси ни ошкор қилди.

  • Ҳасанжон

АҚШ Президенти Жорж Буш маъмурияти Яқин Шарқда демократия ўрнатилиши учун авторитар араб давлатларини сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга ундовчи стратегияни ишлаб чиққанини эълон қилди.

Шу ҳафта бошида “Вашингтон Пост” газетасида маълум қилинишича, режа Яқин Шарқ давлатлари билан эркин савдо шартномаларини тузиш, уларга молиявий ва иқтисодий ёрдам кўрсатиш ва сиёсий алоқаларни мустаҳкамлаш орқали араб давлатларини демократик ислоҳотларни бошлашга ундаш мақсадини кўзлайди.

Бу режа июн ойида саноати тараққий этган 8 давлат, НАТО ҳамда Европа Иттифоқи саммитлари давомида расман тақдим этилади.

АҚШ Давлат Департаменти Матбуот котиби Ричард Баучерга кўра, бу режа маълум даражада 1975 йилда 35 давлат имзолаган “Хелсинки Шартномаси”га асосланган. Мазкур шартномани ўша пайтда АҚШ, Совет Иттифоқи ва Европанинг аксарият давлатлари имзолаган. Унинг муҳим қисми инсон ҳуқуқлари масаласи бўлиб, ҳужжат Ғарб давлатларига коммунистик мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ муаммоларни кўратиш имкониятини яратган.

Ричард Баучер янги режа юзасидан изоҳ бериб, ҳозирда Яқин Шарқ давлатлари Шарқий Европанинг собиқ социалистик давлатларига қараганда демократияга кўпроқ тайёрлигини айтди: “Минтақада сайловлар ўтказилмоқда, адлия тизими ислоҳ қилинмоқда ва демократик ислоҳотлар олиб борилмоқда, фуқаролик жамияти шакллан-моқда. Асосий мақсад - бу жараёнлар давом этишига биз қандай ёрдам бера олишимизни аниқлаш. Хелсинки шартномасига келсак, у пайтда минтақада Полшадаги “Бирдамлик” ҳаракатидан ташқари ташаббуслар деярли йўқ эди. Ҳозирда Яқин Шарқда ислоҳотлар ўтказишга интилишлар бор. Ва биз бу жараённи қўллаб-қувватлашни хоҳлаймиз”, - деди АҚШ Давлат Департаменти матбуот вакили.

АҚШ расмийлари Европа давлатлари мададига эришиш учун режани муҳокама эта бошладилар. Аммо танқидчилар бу ташаббуснинг асосий жиҳатларини савол остига қўя бошладилар.

Ню Йоркда жойлашгани “Ҳалқаро Алоқалар Кенгаши” номли тадқиқот маркази тахлилчиси Стивен Кук Озодлик радиосига Яқин Шарқ давлатлари Шарқий Европадаги собиқ коммунистик давлатларга қараганда демократияга кўпроқ тайёрлиги хусусидаги Баучер фикрига қўшилмаслигини айтади: “Мен даъватга қараб, авторитар араб давлатлари ислоҳотлар ўтказа бошлашига ишонмайман. Мен уларни ислоҳотлар ўтказишга ундовчи омилларни кўрмаяпман. Улар фақат АҚШга ёқишни хоҳлаганлари учун демократия, деб ўйин қилишади, жуда кам ёки деярли ҳеч қандай салоҳиятга эга бўлмаган инсон ҳуқуқлари ташкилотларини тузишади”, - дейди Стивен Кук.

Вашингтондаги Кейто Итститути тахлилчиси Тед Гален Карпентернинг Озодлик радиосига айтишича, Яқин Шарқ мамлакатларидан фарқли ўлароқ, социалистик лагерга қўшиб олинишидан олдин Европанинг Полша, Чех Республикаси ва Можористон каби давлатларида демократик анъаналар мавжуд бўлган. Бу эса, совуқ уруш даврида мазкур давлатларда демократик анъаналарни қайта тиклаш мумкинлиги ҳақидаги тахминларга асос берган: “Фарқ жуда катта. Марказий ва Шарқий Европа давлатларининг аксарияти ғарбнинг айрим демократик анъаналарига эга бўлган. Яқин Шарқ давлатларида эса бундай анъана деярли йўқ. Хатто собиқ Совет Иттифоқи республикаларда ҳам изчил бўлмаса-да, аммо демократия сари илгари силжиш бўлганига гувоҳ бўлганмиз”, - дейди ғарблик тахлилчи. АҚШ Президенти Жорж Буш араб дунёсига демократия олиб кириш режаси ҳақида биринчи бор ўтган йил ноябр ойида гапирган эди. Вице-През-нт Дик Чейни ўтган ой Швецарияда бўлиб ўтган Жаҳон Иқтисодий Форумида шу масалани яна кўтарди.
XS
SM
MD
LG