Линклар

logo-print

Вилоятларда “Эрк”нинг анжуманлари ўтмоқда


Куни-кеча “Эрк” демократик партияси Фарғона ва Наманган вилоятлари бўлимларининг навбатдаги конференциялари бўлиб ўтди.

Фарғонада бўлиб ўтган вилоят бўлимининг кенгайтирилган конференциясида партиянинг ўттиздан ортиқ фаоли ҳамда меҳмонлар иштирок этди. Хабарларга қараганда, тадбирда партия бош котиби Отаназар Орипов Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият ва ҳукуматнинг “Эрк”ка нисбатан юритаётган сиёсати хусусида маъруза қилган.

Партиянинг вилоят бўлими фаолларидан бири Маҳмуд Жўраевнинг айтишича, партиянинг вилоят бўлими раиси лавозимига Тўхтасин Олимжонов, котибликка Абдусалом Эргашев сайланган. Анжуманда партияни бўлиб ташлашга бўлган ҳаракатлар хусусида ҳам сўз борган. Шунингдек, “Эрк”нинг Олий Мажлисга жорий йил охирида бўлиб ўтадиган сайловда қатнашуви масаласи ҳам муҳокама этилган.

“Эрк”нинг вилоят бўлими котиби А.Эргашевнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон қонунчилигида партия фаолиятини тақиқлаш ёки чеклаш фақат суд қарори асосида амалга оширилади. “Эрк” тўғрисида эса суд қарори йўқ. Агар партия рўйхатдан ўтмаганлик баҳонасида сайловда қатнаштирилмаса, “Эрк” ташаббус гуруҳлари орқали мустақил номзодлар кўрсатишга эришишга ҳаракат қилади.

Хабарларга кўра, “Эрк”нинг Наманган вилояти бўлими конференциясида бўлим раислигига география фанлари номзоди Ғуломжон Холматов, котибликка Ҳошимжон Жамбулов сайланган. Тадбирда маҳаллий ҳокимиятнинг партия фаолларига ўтказаётган таъқиб-тазйиқлари хусусида гап борган.

Ғ.Холматовнинг айтишича, Чуст туманидаги “Каркидон” фуқаролар йиғини раислигига қишлоқ аҳли “Эрк” партияси фаолларидан бирининг номзодини қўймоқчи бўлган. Аммо туман ҳокимлиги бунга қаттиқ қаршилик қилган.

“Эрк”нинг мазкур вилоятлар бўлимлари конференцияларида “Бирлик халқ ҳаракати” партияси вакиллари ҳам меҳмон сифатида иштирок этди.
XS
SM
MD
LG