Линклар

Исмоил Жўрабеков нафақага чиқарилди


Тўлқин Хабарларга қараганда, узоқ йиллар қишлоқ хўжалик соҳасининг масъули бўлиб ишлаган шахс, Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков истеъфога чиқарилиб, нафақага жўнатилган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Бош вазири этиб тайинлангач, ҳукумат таркибида кўплаб ўзгаришлар юз бермоқда. Масалан, 28 январь куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси, Бош вазир ўринбосари Дилбар Ғуломова, ундан сўнг Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Козим Тўлаганов (у Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланди) ўз вазифаларидан озод этилди.

К.Тўлаганов Вазирлар Маҳкамасининг қурилиш, қурилиш материаллари саноати, коммунал хизматлар ва транспорт коммуникацияси мажмуини бошқарарди. 11 февраль куни Президент фармонига кўра, унинг ўрнига Равшан Файзуллаев тайинланди. Бироқ, Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Малик Қодировнинг айтишича, у Бош вазирнинг ўринбосари ҳисобланади. Биринчи ўринбосар лавозими эса қисқартирилган.

Бош вазирнинг янги ўринбосари Р.Файзуллаев шу кунгача Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари - “Тошшаҳарйўловчитранс” давлат уюшмаси раиси бўлиб ишлаган.

Ўзбекистон раҳбарияти тизимида сўнгги вақтларда рўй берган энг катта ўзгариш Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Исмоил Жўрабековнинг вазифасидан озод этилиши бўлди, дейиш мумкин. Хабарларга кўра, у энди Шароф Рашидов номидаги жамғармага раҳбарлик қилади. Мазкур жамғарма раиси ўринбосари Шароф Убайдуллаевнинг айтишича, И.Жўрабеков қишлоқ хўжалиги тизимида турли раҳбарлик лавозимларида 40 йилдан ортиқ меҳнат қилган. У ўтган асрнинг 60-йиллари охирида республика сув хўжалиги вазири ўринбосарларига тайинланган ва тез орада қишлоқ хўжалиги тизими ҳукмдори сифатида тан олинган.

Ш.Убайдуллаев Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигининг инқирозга юз тутишининг бош айбдорларидан бири И.Жўрабеков эмасми, деган саволга жавоб берар экан: “Бу инқирознинг сабаблари жуда кўп. Лекин ҳозир И.Жўрабеков кетганидан сўнг вазият ўнгланадими, деган масалани кўриш керак. Назаримда, унинг соҳадан узоқлаштирилиши қишлоқ хўжалигида жиддий ислоҳотлар бошланишидан далолат беради”, деди.
XS
SM
MD
LG