Линклар

Мойлисув радиация билан қўрқитмоқда

  • Барно Анвар

Ҳозирги вақтда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳал этилиши лозим бўлган муаммолардан бири Мойлисув радиоактив моддалар чиқиндихонаси масаласидир.

Қирғизистоннинг Ўзбекистонга билан чегарадош бўлган мазкур ҳудудидан бир вақтлар уран қазиб олинган. Кондан фойдаланиш тўхтатилгандан сўнг бу ердаги 23 та хандаққа ядровий чиқиндилар кўмилган. Мавжуд маълумотларга қараганда, чиқиндилар нафақат собиқ иттифоқдан, балки бошқа социалистик республикалардан ҳам келтирилган. Радиоактив моддалар жуда юзага кўмилгани сабабли ушбу ерни сув босса ёки кучли ёғингарчилик бўлса, чиқиндилар сув билан ювилиб, Мойлисув дарёсига тушиши ва аҳоли яшайдиган ҳудудларга етиб бориши мумкин.

Эколог Баҳодир Баҳриддиновнинг билдиришича, бу чиқиндихона Ўзбекистоннинг Наманган ва Андижон вилоятларига ҳам жиддий таҳдид солмоқда. Айни пайтда радиация оз бўлса-да, сув орқали тарқалмоқда. Шу боис, Ўзбекистон томони бу ҳақда бир неча марта Қирғизистон расмийларига мурожаат қилган. Бироқ чиқиндихонани зарарсизлантириш жуда катта маблағ талаб этади. Бу маблағ эса ҳар икки мамлакатда ҳам йўқ.

“Экосан” халқаро жамғармаси раҳбари Юсуф Шодиметовнинг таъкидлашича, ҳозирда Мойлисув ядро чиқиндиларини зарарсизлантириш борасида минтақадаги мамлакатлар ҳукуматлариаро комисия тузилган. Бу комиссияга Жаҳон банки ва бошқа бир қанча халқаро ташкилотлар жалб қилинган.

Мазкур чиқиндихона тахминан бир гектар майдонни эгаллаган. Б.Баҳриддиновнинг айтишича, ушбу ҳудудни тўла зарарсизлантиришм мақсадида иккита жиддий лойиҳа ўртага ташланган. Бу лойиҳалар чиқиндилар устини ўн метр қалинликда тупроқ билан ёпиш ёки бетон саркофаг қуришни назарда тутади. Бироқ лойиҳаларни амалга ошириш учун каттагина маблағ талаб этилади. Шу боис, муаммо шу вақтга қадар ечимини топган эмас.
XS
SM
MD
LG