Линклар

“Мурувват йилида мурувват қилибсиз”

  • Садриддин Ашур

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари суди 62 ёшли Фотима Муқодировани конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва диний экстремизмда айблаб, 6 йилга қаттиқ режимли қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Маълумотларга қараганда, Ф.Муқодированинг бир ўғли айни шу айблар билан қамалиб, қамоқхонада ўлган, иккинчи фарзанди эса жазо муддатини ўтамоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг сўзларига кўра, Ф.Муқодированинг ўғли Музаффар Авазов узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм этилиб, Жаслиқдаги 64/71 сонли қамоқхонада устидан қайноқ сув қуйиб ўлдирилган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромовнинг таъкидлашича, ўтган йили М.Авазовнинг жасади унинг яқинларига қайтариб берилганида марҳум қийноқлар оқибатида ўлгани маълум бўлган. Бироқ расмийлар М.Авазовни камерадоши уриб ўлдиргани, сўнг устидан қайноқ чой тўкканини таъкидлаган. Ф.Муқодиров фарзандининг абгор жасади суратларини Интернет орқали бутун дунёга намойиш этган.

Кузатувчиларнинг фикрича, Ф.Муқодирова ўғлининг қийнаб ўлдирилгани ҳақида бутун дунёга жар солаётгани, халқаро ташкилотлари мурожаат этаётгани расмийларни анча ташвишга солган. Чунки у ўғлининг ўлимида мансабдор шахсларнинг қўли борлигини тасдиқловчи ҳужжатларни эълон қилган. Шунинг учун Ф.Муқодированинг овозини ўчириш учун қамашдан бошқа чора қолмаган.

С.Икромовнинг айтишича, Ф.Муқодирова устидан олиб борилган суд жараёнларида қатнашиш истаги билан халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари кўп бора суд биносига келган. Лекин ҳар сафар улар судга қўйилмаган.

Ф.Муқодированинг адвокати Алишер Эргашев милиция ходимларининг судда берган кўрсатмалари асосида айбланувчига қўйилган айбларнинг бирортаси ҳам тасдиғини топмаганини билдирди. Хусусан, Ф.Муқодированинг уйида прокурор рухсатисиз тинтув ўтказилган, хонадонига варақалар ташланган.

Адвокат суд жараёнларида қонун бузилишига йўл қўйилмагани, лекин ҳукмдан норози экани, чунки тергов жараёнида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилганини, шунинг учун аппеляция шикояти ёзишини таъкидлади.

“Ҳьюман райтс уотч” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 13 февраль куни эълон қилинган баёнотида Ўзбекистон диний эътиқоди учун 6000 дан ортиқ фуқаро қамоқ жазосини ўтаётгани билдирилади. Баёнотда айтилишича, АҚШ ҳукумати қамоқхоналарда мусулмонларни оммавий қийнашни тўхтатиш учун Ўзбекистон раҳбариятига босим ўтказиши лозим. Шунингдек, Жорж Буш маъмурияти Ўзбекистоннинг диний эркинлик тўғрисидаги халқаро пактни бузаётганини эътироф этиши керак.

“Ҳьюман райтс уотч”нинг Европа ва Марказий Осиё бўлими ижрочи директори Рашид Денбер 62 ёшли Ф.Муқодированинг иши фожеа эканини таъкидлади.

“Бахтга қарши бундай воқеалар Ўзбекистон учун типик ҳолатга айланган. Биз бу мамлакат ҳукуматининг диндорларга қарши олиб бораётган жазо кампанияси қурбони бўлган юзлаб оилаларни биламиз”, деди у.

Ф.Муқодирова устидан ўтказилган суд жараёни ҳақидаги Интернет сайтларида кўплаб материаллар эълон қилинди. “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг “Ҳаракат” сайтида унга нисбатан чиқарилган суд қарорига “қўрқув ичидаги ўзбек режимнинг шармандали ҳукми” сифатида баҳо берилди. Сайтда ёзилишича, ҳукм ўқилгач, Ф.Муқодирова судьяга қараб: “Мурувват йилида мурувват қилибсиз, сизга катта раҳмат!”, деган.
XS
SM
MD
LG