Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:04

Юлдуз Усмонова баҳорда Европага кетмоқчи


Шайбон Яқинда Интернетда таниқли ўзбек хонандаси Юлдуз Усмонова тўғрисида кичик мақола эълон қилинди.

Мақолада айтилишича, гўёки Мустақиллик байрами тантаналарида ижро этган қўшиғи учун хонанда Конституция куни ва Янги йил оқшоми муносабати билан уюштирилган байрам дастурларида қатнашмаган. Ю.Усмонованинг Мустақиллик байрамида куйлаган қўшиғида худодан бойлик, осойишталик ва умрбоқийликни ўзинг учун эмас, халқининг учун сўра, мазмунидаги мисралар мавжуд. Бу қўшиқ кейинчалик хонанданинг саҳнадан четлатилишига сабаб бўлган.

Ю.Усмонованинг ўзи эса қўшиғида қайсидир амалдорнинг иззат-нафсига тегувчи мисралар йўқлигини таъкидлади.

Хонанда шу кунларда баҳорда бўлиб ўтадиган концерт дастурига тайёргарлик кўраётгани, одатда концерт бериши арафасида шундай мақолалар чиқиб қолиши, бу каби ахборотлар унинг фаолиятига тўсиқ бўлишини таъкидлади.

Юқорида тилга олинган мақолада Ю.Усмонова Бош вазир ўринбосари Алишер Азизхўжаевнинг ҳам танқидига учрагани айтилади. Бундай танқидга, хонанданинг айтишича, ўзининг саҳнага калта юбкада чиқиши сабаб бўлган.

“Азизхўжаев билан ғижи-бижи бўлган жойим йўқ. Унинг мен ҳақимдаги танқидларини ҳам бировлардан эшитдим. Балки мен демократия бор, деб ўйлаб адашгандирман. Балки демократия йўқдир. Лекин ҳар қандай амалдор ўз мансабини суиистеъмол қилмаслиги керак. Чунки фақат мен эмас, қанча санъаткорлар ҳам азият чекиб юрибди. Бунақа ҳаракатларни қилмаслиги керак (амалдорлар). Санъаткор бемалол бўлиши керак”, деди Ю.Усмонова.

Ю.Усмонова тилга олган муаммо, яъни маҳаллий амалдорларнинг қўшиқчилар репертуарига аралашиши, эркин ижодига тўсқинлик қилиши каби ҳолатлар юзасидан санъатшунос Улуғбек Раҳимов ўз фикрларини баён қилди. Унинг айтишича, таниқли санъаткорлар бирорта амалдорникидаги тантанага таклиф қилиниб, боролмай қолиши мумкин. Бундай ҳолатда амалдор шу кундан бошлаб санъаткорнинг фаолиятига қаршилик қилиш йўлларини излай бошлайди.

Бу муаммо илдизлари ҳақида турли қарашлар ҳам мавжуд. Маълумки, шоу бизнес энг даромадли соҳалардан ҳисобланади. Айрим тахминларда амалдорларнинг санъаткорлар орқали даромад топишга интилиши кучли экани айтилади. Бошқа тахминларда эса ўзбек шоу бизнеси маҳаллий амалдорлар ўртасида аллақачон тақдимлаб олингани таъкидланади. Шу боис, бир амалдор иккинчи мансабдорга алоқадор қўшиқчилар йўлига тўсиқ қўйиб, ўзининг шафеълигидаги санъаткор учун кенг йўл очишга интилади.

Санъаткорлар эса амалдорлар қўшиқ матнидан яширин маъно қидириш касалига дучор бўлганидан нолийди. Бундай ҳолатда билиб-билмай қилинган ҳаракатлар баъзан қўшиқчиларнинг фаолиятига тўсқинлик қилади, деган фикрда улар.

Ю.Усмонова тўғрисидаги мақолада унинг қўшиқларини радио ва телевидениеда эфирга бериш маън этилгани айтилади. Хонанданинг ўзи ҳам бу ҳолатни тасдиқлади. Унинг айтишича, ким ва нима сабабдан бундай қарорга келгани номаълум, аммо қўшиқлари эфирга узатилмаётгани рост.

Ю.Усмонова баҳор фаслидаги анъанавий концертидан сўнг Европага кетишини маълум қилди. Шунда балки мени бироз унутишиб, тинч қўйишар, деган умиддаман, деди таниқли санъаткор.
XS
SM
MD
LG