Линклар

logo-print

Ўзбек болалари мусиқани ёқтирмайдими?


Турсун Бек Сирдарё вилоятида мусиқа мактаблари тобора камайиб боряпти. Бугунги кунда уларнинг сони 14 тани ташкил этади.

Вилоят маданият бошқармаси мутасаддилари Европа миллатлари вакилларининг кўчиб кетаётгани ва ўқиш учун тўланадиган бадал пули миқдорининг ошиши натижасида шундай вазият юзага келаётганини таъкидламоқда.

- 2003 йилнинг сентябрида Гулистон шаҳридаги Ҳамза номидаги мусиқа мактаби ёпилиш арафасига келиб қолди, - дейди мактабнинг ўзбек чолғу созлари бўлими ўқитувчиси Шерзод Қирғизбоев. – Бунга ота-оналарнинг норозилиги сабаб бўлди. Ўқиш учун бадал пулининг ошиши натижасида улар болаларини мусиқа мактабига бермай қўйди.

Маълумотларга кўра, мусиқа мактаби ўқувчиларининг асосий қисмини Европа миллатларига мансуб болалар ташкил этар эди. Бироқ кейинги йилларда уларнинг бошқа давлатларга кўплаб кўчиб кетиши туфайли мактабда ўқувчилар сони камайиб кетган.

Вилоят маданият бошқармасидан берилган кўрсатма асосида кам таъминланган оилалар фарзандлари учун бадал пули тўлашда 25 фоизлик чегирма белгиланган. Лекин мусиқа мактабида ўқиш истагида бўлган болаларнинг кўпчилиги ўртача таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобланади ва улар бу имтиёздан маҳрум.

Мактабнинг илмий бўлим мудири Дилором Йўлдошеванинг айтишича, 2004-2005 ўқув йилида мусиқа мактабининг батамом ёпилиши эҳтимоли бор. Ўтган ўқув йилида 400 дан ортиқ ўқувчи ўқиган бўлса, жорий йилда улар сони қарийб икки юзтага тушиб қолган. Агар ўқувчилар сони камайиб бораверса, муаллимлар ҳам ишдан бўшашга мажбур бўлади.
XS
SM
MD
LG