Линклар

Қатортолдаги митти “тун капалаклари”


Саида Кузатувчиларнинг эътирофича, Ўзбекистонда вояга етмаган, ёш қизлар орасида фоҳишалик билан шуғулланиш ҳолатлари тобора кенг тарқалмоқда.

Аҳолига хизмат кўрсатиш ташкилоти (ПиЭсАй) мувофиқлаштирувчиси Индира Аҳмедованинг билдиришича, Тошкентдаги исловотхоналарда ишлаётган аёлларнинг ўртача ёши 27-30 ёшни ташкил этади. Бироқ улар сафи вояга етмаган, ёш қизлар билан тўлиб бораётгани ташвишланарлидир.

“Жинсий тижорат бозорлари ёш, вояга етмаган қизлар ҳисобига гуркирамоқда. Бу қизлар орасида 14-15 ёшлилари ҳам кўп. ПиЭсАй нинг 6 ой давомида ўтказган тадқиқотлари шуни кўрсатдики, вояга етмаган фоҳишалар сони 15-20 фоизни ташкил этади”, деди И.Аҳмедова.

Ташкилот кўнгиллиси Шоҳида Қосимованинг таъкидлашича, вояга етмаган қизларнинг кўпчилиги ота-онаси билан келишолмай, уйидан чиқиб кетган. Кейинчалик эса қўшмачилар томонидан танфурушликка жалб қилинган. Бундайлар Чилонзор туманидаги Қатортол кўчасида кўпроқ.

Кичкиналигидаёқ дайдиларга қўшилиб кўча кезган, ўзини Гуля деб таништирган қизчанинг айтишича, ўгай онаси уни сиқтирмагандан сўнг кўчага чиқиб кетган.

Айримлар вояга етмаган йигит-қизларнинг ножўя йўлларга кириб кетишига иқтисодий муаммоларни, бошқалари эса оиладаги муҳитни сабаб қилиб кўрсатади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилотининг Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Комилжон Ашуров 2002 йилда Самарқанд шаҳрида тери-таносил касалликлари диспансерида воя етмаган бир қиз рўйхатга олинган бўлса, 2003 йилга келиб бу кўрсаткич саккизтага етганини маълум қилди. Унинг айтишича, қўшмачилар ёш қизчаларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, алдов йўли билан уларни фоҳишаликка жалб этади. Бироқ ота-оналар кўп ҳолларда бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилмайди. Улар гўёки ўз қизларининг шаънини ҳимоя қилган бўлади. Бундан ташқари, қўшмачиларнинг ота-оналарга таҳдид қилиш ҳоллари ҳам учрайди. Шунинг учун фоҳишаликни бизнесга айлантирганларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши кам кузатилади.

К.Ашуровнинг таъкидлашича, ота-оналар вояга етмаган қизларининг саломатлигини тиклаш учун махсус диспансерга эмас, балки хусусий шифокорга мурожаат қилишни афзал билади. Бу эса вояга етмаганларни фоҳишабозликка жалб қилиш жиноятини яшириш имкониятини яратади.
XS
SM
MD
LG