Линклар

Кўркам ва гўзал бинолар мустаҳкамми?

  • Садриддин Ашур

Хабарларга қараганда, айрим мутахассислар Москвадаги “Трансваал-парк”нинг гумбази қулаб тушишида бинони бунёд этган турк қурувчиларини айбламоқда.

Тошкентда ҳам турклар томонидан қурилган бинолар кўп. Москвадаги фожеа боис Ўзбекистон пойтахтидаги турк қурувчилари қурган кўркам иншоотларнинг мустаҳкамлиги масаласи ҳам кўндаланг бўлди. Хўш, бу бинолар ҳақиқатан ҳам чидамли ва сейсмик жиҳатдан ишончлими? Бунга маҳаллий мутахассисларнинг муносабати қандай?

Тошкент шаҳар меъморлик ва қурилиш бўйича давлат назорати инспекцияси бошлиғи ўринбосари Рихсибой Шомансуровнинг айтишича, турк курувчилари лойиҳалаштираётган барча иншоотлар тегишли назоратдан ўтказилади. Тошкент сейсмик зонада жойлашгани сабабли бинолар 9 балли зилзилага чидамли қилиб қурилади.

Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти директори Қаҳҳорбой Абдуллабеков пойтахтда қурилаётган барча иншоот мазкур институтнинг хулосаси асосида бунёд этилиши лозимлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, институтга бу борада ҳеч ким мурожаат қилмаётир. Чунки ҳар бир қурилиш учун маълум миқдорда маблағ ажратилади. Қурилиш ҳудудининг сейсмик ҳолатини аниқлаш учун институтга ҳам пул тўлаш керак. Лекин ҳозир ҳеч ким бу пулни бергиси йўқ.

Қ.Абдуллабековнинг таъкидлашича, балки ҳозирги қурилишлар институт томонидан бир вақтлар (1984-85 йилларда) тақдим этилган сейсмик хариталар бўйича амалга оширилаётган бўлиши мумкин. Аммо вақт ўтган сари ернинг ҳолати ўзгаради. Масалан, ер ости сувлари кўтарилган бўлиши мумкин. Ҳар қандай қурилиш объектида одам ишлайди ёки яшайди. Шунинг учун, энг аввало, инсоннинг хавфсизлиги назарда тутилиши лозим. Буни эса қонун ёрдамида тартибга солиш зарур. Балки шу мақсадда сейсмик ҳолат ҳақида қонун ишлаб чиқиш керакдир, деди директор.

Ўзбекистонлик меъморларнинг билдиришича, мамлакатда мустақиллик йилларида қурилган бинолар ҳукумат ва чет эл фирмаларининг ўзаро келишуви асосида бунёд этилган. Бу фирмалар пулни олиб, жўнаб қолиши мумкин, лекин бинонинг сейсмик ҳолати билан ҳеч ким қизиқмайди.

Меъморларнинг фикрича, йирик иншоотларни қуриш фақат тендер асосида амалга оширилса, яхши бўларди. Чунки тендерда кучли ва тажрибали, халқаро синовлардан ўтган компания ва фирмалар ғалаба қила олади. Улар бино хавфсизлигини кафолатлашга ҳам қодир.
XS
SM
MD
LG