Линклар

Туя гўштини кўп “еган” мактаб


Нурбек Самарқанд шаҳридаги 53-ўрта умумтаълим мактаби биноси қурилиши бошланганига яқинда 15 йил бўлади.

Ўтган йиллар мобайнида мактаб ўқувчилари маҳалла чойхонасида, ҳовлиларда, Самарқанд меъморлик-қурилиш институти ётоқхонаси ва бошқа кўплаб жойларда дарс ўтишга мажбур бўлди. Бундай сарсонгарликлар ҳануз давом этмоқда.

Болалар айни пайтда таълим олаётган бинони кўрган киши унинг мактаблигини англаши қийин. Илгари қурилиш ташкилотининг омбори, ҳозир эса Оқдарё гўшт-сут тайёрлов фермасига қарашли бўлган бинода 53-мактаб жойлашган. Мактаб ўқитувчиларининг айтишича, бу жой салкам 15 йиллик саргардонликдан кейин қўним топилган маскандир. Мактабда дарс ўтиш учун мутлақо шароит йўқ. Синф хоналари етишмайди. Ферма томонидан келтирилаётган ем-хашакни тушириш-ортиш пайтлари ҳамма жой чанг-тўзонга тўлиб кетади. Бу вақтда дарслар тўхтатилади.

Мактаб директори Асқар Тўхтамуродовнинг айтишича, янги бино қурилиши пудратчиси Самарқанд уй-жой қурилиш бошқармасидир. Ҳозир бинонинг пойдевори қуриб бўлинган, холос. Маҳаллий ҳокимлик томонидан маблағ ажратилмагани сабабли бино қурилиши битмаётир.

А.Тўхтамуродовнинг билдиришича, мактаб жойлашган ҳозирги бинода бор-йўғи 7 та синф хонаси бор. Спорт майдони ва спорт зали йўқ.

Ўқитувчи Холида Абдурасулова мактабдаги шароит ёмонлиги боис ота-оналар фарзандларини бошқа таълим масканларига бераётганини айтади. Бир вақтлар бешта маҳалланинг бир ярим мингга яқин боласи ўқиган мактабда ҳозир юзга яқин ўқувчи таълим олмоқда. Ўқитувчилар ҳам мактабни тарк этишга мажбур бўлаётир.
XS
SM
MD
LG