Линклар

Фарғоналиклар Бовендан мадад кутади


Ўзбекистонда ҳибсга олинганларга нисбатан қийноқлар кучайиб бораётгани сабабли фарғоналик бир гуруҳ фуқаро БМТнинг қийноқлар масалалари бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен номига очиқ хат йўллади.

Фарғона вилоятининг Яйпан шаҳрида яшовчи бир гуруҳ фуқаро номидан ёзилган мазкур хатда айтилишича, ҳуқуқ-тартибот ходимлари бирор жиноятда гумон қилинган шахсни ушлаб, уни қийноқларга солиши оммавий тус олган.

Мактуб муаллифларидан бири Мўътабар Қурбонованинг таъкидлашича, 2003 йил 11 декабрь куни Яйпан шаҳридаги пахта тозалаш заводи қоровули номаълум шахслар томонидан ўлдирилиб, жасади молхона охурига ташлаб кетилган. Қотилни топиш учун ҳуқуқ-тартибот ходимлари завод атрофида яшовчи кўплаб эркакларни тергов ҳибсхонасига қамаб, беаёв калтаклаган. Жиноятчи топилавермагач, 1985 йилда туғилган Иқбол Сатторов ҳамда 1966 йилда туғилган Намоз Усмоновни ҳисбхонада қийнашган ва айбни бўйнига қўйишга уринган.

“Уларни маҳаллага олиб келишди. Намознинг ҳатто кўкраги куйдирилганини кўзимиз билан кўрдик. Унинг очликдан гапиришга мадори йўқ эди”, деди М.Қурбонова.

Мактуб муаллифлари Содиқжон Қиронов ва Жамолиддин Низомиддиновнинг айтишича, улар И.Сатторов ва Н.Усмоновни қийноққа солган шахсларни жазолашни, бу иш юзасидан қайта тергов ўтказилишини сўраб, Бош прокурорга шикоят аризаси жўнатган. Прокуратура эса шикоятнинг терговчининг ўзига жўнатган.

Мустақил кузатувчи Муҳаммадали Қорабоев сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқароларининг халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш ҳоллари кўпайиб бораётганини таъкидлади. Унинг айтишича, Тео ван Бовеннинг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан ёзган ҳисоботи мамлакатдаги оддий аҳоли ўртасида ҳам катта шов-шувга сабаб бўлган. Кишилар маҳаллий давлат ташкилотларидан мадад ола олмагач, БМТ сингари нуфузли ташкилотлардан ёрдам кутишга мажбур бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG