Линклар

МОСКВАДА АКВАПАРК ТОМИ ҚУЛАДИ. КИМ АЙБДОР?

  • Ҳурмат Бобожон

Ўтган шанба Москвадаги гавжум "Трансвааль" аквапарки гумбази қулаши оқибатида 25 киши ҳалок бўлди, юзлаб киши жарохатланди. Москва мэри Юрий Лужков мазкур фалокат юзасидан тергов бошланганини ва ходисанинг техник жихатларини ўрганиш учун шаҳар маъмурияти махсус комиссия тузганини маълум қилди.

"Москва шаҳар маъмурияти "Госстрой" билан бирга давлат комиссиясини тузди. Мазкур комиссия мавжуд ашёвий далилларни таҳлил қилиб, хулосалар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилади ва ҳукуматга ҳисобот беради", - деди Лужков.

Москваликлар шундоқ ҳам яқинда шаҳар метросида содир этилган портлашлардан сўнг террор ҳуружларидан чўчиб қолишган. Аммо, гувоҳлар кўрсатмалари ва мавжуд маълумотлар аквапаркидаги фалокат террор амалиёти бўлмаганига ишора қилмоқда. Айрим мутахассислар аквапаркнинг шиша гумбази устига қор тўплангани оқибатида у қулаган бўлиши мумкин, деган тахминни олға сурмоқдалар. Айримлар эса аквапарк конструкцияси ва қурилишида хатоликларга йўл қўйилган бўлиши мумкин, деган гумондалар. Аммо шаҳар мэри Юрий Лужков фалокатда бировни айблашга ҳозирча эрта эканини таъкидлади.

"Мен ҳозир бу борада бирон бир тахминни илгари сурмаган бўлардим. Комиссия тергов бошлади. Оммавий ахборот воситалари орқали фалокатда кимнидир айблашда шахсан мен ниҳоятда эхтиёткор бўлган бўлардим. Чунки бу янглиш бўлиб чиқиши ҳам мумкин", - деди Лужков.

Айни пайтда Москва маъмурияти аквапарк лойиҳаси ва қурилишида қатнашган икки ширкат лицензиясини тўхтатиб қўйди. Улар россиялик меъмор Сергей Киселев ва унинг ҳамкорлари ҳамда Туркиянинг "Кожак Иншоот" қурилиш ширкатидир. 2002 йилда ишга туширилган аквапаркининг умумий нархи 30 миллион долларга баҳоланган бўлиб, унинг қурилиши бир ярим йил давом этган. Кейинчалик уни Россиянинг "Terra Oil" ширкати сотиб олди.

Москва шаҳар бош прокурори муовини Владимир Юдиннинг айтишича, ҳозирда фалокат юзасидан тергов учун ҳужжатлар йиғилмоқда.

"Бугун биз аквапарк қурилишида қатнашган барча пудратчилар, буюртмачилар, қурувчилардан ҳужжатлар тўплашни деярли тугатяпмиз. Мазкур ҳужжатлардан тергов ва экспертиза жараёнида фойдаланилади", - деб баён қилди Владимир Юдин.

Россия Уй-жой қурилиш қўмитаси раҳбари Николай Кошман эса мазкур фалокат натижасида қурилиш бўйича жиддийроқ меъёр ва талаблар ишлаб чиқилиши мумкинлигини билдирди.

"Ҳозир мана шу фожиа сабабли биз қурилиш лойиҳалари ва уларни амалга оширувчи ширкатларга талабларни кучайтиряпмиз ва шу талабларга риоя қилинишида махсус назорат ўрнатамиз", - деди Кошман.

Шанба кунги фалокатдан сўнг Москва маъмурияти шаҳардаги барча спорт ва жамоатчилик мажмуалари аҳволини текширувдан ўтказишга буйруқ берди. Москвалик архитектор Андрей Кожак аквапарк фалокати сабабларини ҳужжатлар ва қўйилган талаблар асосида текшириш осон эканини айтади.

"Иншоот конструкцияси ва унга ишлатилган бетон ва пўлатнинг нормаларга қай даражада мос ишлатилганини аниқлаш жуда осон. Конструкция лойиҳаси ва унинг ҳисоб-китоблари қанчалик тўғри бўлганини ҳам ўрганиш осон. Бироқ, бино фойдаланиш масаласини текшириш анча қийин".

Андрей Кожакнинг айтишича, Россияда жорий этилган қурилиш меъёрлари шундоғам анча жиддий. Бирон қурилиш лойиҳаси тасдиқланиши учун у кўплаб текширувлардан ўтади. Шу боис айрим экспертлар аквапаркнинг темир устунлари сувни тозалаш учун ишлатиладиган кимёвий миқдорлар туфайли емирилган ёки кескин ташқи иқлим таъсирида занглаган бўлиши мумкин, деган таҳминдалар. Агар мана шу омил исботланса, дейди Андрей Кожак, фалокатга жавобгар аквапарк эгалари бўлади.

"Агар икки йиллик эксплуатация давомида сувдан кўтарилган буғ ва намлик аквапаркнинг темир устунларга етиб боргани исботланса, бунга биринчи навбатда аквапарк эгалари жавобгар бўлишади. Чунки улар аквапаркда намлик хароратини мунтазам назорат қилиб боришлари керак", - дейди Андрей Кожак.

Аквапарк қурилишида қатнашган ширкатларга келсак, ҳар икки ширкат ҳам Россияда яҳши танилган. Сергей Киселев ва унинг ҳамкорлари Россияда бир қатор бинолар муаллифи. Шунингдек мазкур ширкат Россия Президенти офиси реконструкциясида ҳам қатнашган. Туркиянинг "Кожак Иншоот" ширкати эса Россияда 15 йилдан бери фаолият олиб боради ва у ҳам қатор муҳим қурилиш лойиҳаларида қатнашган. Аммо, фалокатдан сўнг ҳар икки ширкат фаолияти тергов хулосалари маълум бўлгунга қадар тўхтатилди. "Кожак Иншоот" ширкатининг Москвадаги ваколатхонасига қўнғироқ қилганимизда ширкат вакили то экспертиза хулосаси маълум бўлмагунча муносабат билдирмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG