Линклар

Россиянинг сўнгги йиллардаги энг йирик ҳарбий машқлари.

  • Ҳасанжон

Россия Президенти Владимир Путин бир кун давомида атом сув ости кемаси экипажи билан Баренц денгизида сув остида бўлди. Денгиз узра самолётлардан ракеталар отилди ва кемаларда қитъалараро қанотли ракеталар учиришга ҳозирлик кўрди.

Россиянинг сўнгги йиллардаги энг йирик ҳарбий машқлари шундай бошланди. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, машқлардан кўзланган асосий мақсад рус армиясининг душман ракета ҳужумидан мудофаа тизимини ёриб ўтиш имкониятини намойиш қилишдир.

Бир неча ҳафта давом этадиган мазкур машқларда сув ости кемаларидан ва Россиянинг турли минтақаларида жойлашган шахталар-дан бир нечта қатъалараро қанотли ракеталар учирилиши кўзда тутилган.

Маълумотларга кўра, ушбу ҳарбий машқларда ТУ-95 русумидаги стратегик бомбардимончи самолётлар Россиянинг шимолий Арктика ҳаво кенглигидан Каспий яқинидаги нишонларни йўқ қилиш учун ракеталар учиради.

Мазкур ҳарбий машқлар Россия билан АҚШ ва НАТО ўртасида сиёсий таранглик юзага келган пайтга тўғри келди. Шу ўринда бу машқлар ғарбга таҳдид соладими, деган ўринли савол туғилади.

Ушбу ҳарбий машқларни яқиндан кузатаётган Москвадаги ғарблик таҳлилчи Павел Фелгенхауер Озод Европа – Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда бу саволга “йўқ”, дея жавоб берди. Унга кўра, ушбу машқлар Ғарб давлатларини ташвишга солмаслиги керак. Мутахассис эскириб бораётган ракета ва бомбаларни ўз вақтида синовдан ўтказиб туриш кераклигини айтади. Россия эса совуқ уруш давридан бери айнан шундай қилиб келмоқда: “Эски ракеталар, стратегик самолётларни синаш, эскирган қанотли ракеталарни учириш керак. Чунки уларнинг барчаси Совет давридан бери сақланмоқда ва улар янгиси билан алмаштирилмаган. Фақат ўтган йили бу қуролларнинг бир қисми алмаштирилди холос”, - дейди ғарблик тахлилчи Павел Фалгенхауер.

Мудофаа масалалари бўйича британиядаги мутахассис Дункан Леннокс эса Фалгенхауер фикрларига қўшилади. Унга кўра, Россиянинг қанотли ракеталари ишлаб чиқарилганига 25 йилдан ошган ва синов ўтказиб туриш уларнинг хизмат муддатини яна узайтиради: “Агар эски ракеталарни узоқ муддат сақлаш мумкин бўлса, улар янги қанотли ракеталар яратишни истамайдилар. Шунинг учун улар иқтисодий жиҳатдан тежамлироқ йўлни танлаганлар”, - дейди Дункан Леннокс.

Жорий йил - сайловлар йили. Шу сабабли ҳарбий машқларга одатдагидан кўра кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Машқларда Владимир Путинниг шахсан иштирок этишини ҳам сайловолди тадбирларидан бири, деб қабул қилиш мумкин.

Шу кунларда Россия телевидениесида ёритилаётган бошқа бир мавзу Чеченистонда давом этаётган урушдир. Жанг майдонида россиялик аскарлар қурбон бўлаётгани ва мамлакат шаҳарларида террор ҳужумлари уюштирилаётгани, Россия ҳарбийлари ядровий ҳужумдан кўра, ердаги таҳдидга қарши кураш учун қанчалар уқувсизлигидан далолат беради.

Москвадаги ғарблик таҳлилчи Павел Фелгенхауерга кўра, Россия ҳарбийларининг ҳақиқий аҳволи Чеченистонда давом этаётган муваффақиятсиз ҳарбий кампанияда намоён бўлмоқда. Шунга қарамай, ҳарбийлар мамлакатнинг стратегик қуролларини намойиш қилишга уринмоқдалар. Бироқ, таҳлилчига кўра, бунинг ҳожати йўқ. Кремл сиёсатчилари олдида бошқа муаммо - Шимолий Кавказда радикал мусулмон партизанларга қарши кураш муаммоси турибди.

Бундан 4 йил олдин Чеченистон можаросини ҳал қилиш ваъдаси билан ҳокимият тепасига келган Путин ҳарбий машқлар ўтказиш орқали сайловчилар диққатини Россия ҳарбийлари иҳтиёридаги ишлайдиган қуролларга қаратиш ниятида бўлса ажаб эмас. Бироқ ўша 4 йил олдинги ваъда ваъдалигича қолиб кетмоқда.
XS
SM
MD
LG