Линклар

БМТ Тараққиёт Дастурининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларидаги ОИТС ва иммун тақчиллиги вирусига оид ҳисоботи.

  • Ҳасанжон

Ҳисоботда Шарқий Европа ва МДҲ давлатларидаги қарийб 1 миллион 800 минг одам, бошқача айтганда вояга етган фуқароларнинг салкам бир фоизи иммун тақчиллиги вирусига чалинган бўлиши мумкинлиги билдирилган. “Агар ОИТС ва иммун тақчиллигига чалинганлар сони умум аҳолининг бир фоизидан ошса, касаллик тарқалишининг олдини олиш жуда қийин бўлади”, - дейилади ҳисоботда жумладан.

БМТ Тараққиёт Дастурининг Шарқий Европа ва МДҲ давлатлари бўйича директори Калман Мизсейнинг Озодликка айтишича, аҳвол, айниқса, Украина ва Россияда ниҳоятда ташвишланарлик: “Аҳолининг бир фоизи касалланган, яъни вазият эпидемияга айланган давлатларда тезда зарурий чоралар кўрилмаса уч, беш, олти йил ичида жиддий бўҳрон юзага чиқиши мумкин. Бўҳроннинг икки хил белгиси мавжуд. Биринчидан, Украина ва Россия каби давлатларда уч йилдан кейин ўлим сони кескин кўпайганини кузатиш мумкин бўлади. Тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда буни, жамиятнинг муаммога нисбатан даҳшатли уйғониш даври, деб аташ мумкин. Иккинчидан, касалликнинг кенг тарқалаётгани яққол кўзга ташланади. Касалликнинг тез ёки секин тарқалиши ҳукуматлар ва ташкилотларнинг бу муаммога қанчалар тез жавоб чораларини излаши билан боғлиқ”, - дейди БМТ расмийси.

Ҳужжатда мамлакатнинг демократияга муваффақиятли ўтиши ва ҳукуматлар ҳамда нодавлат ташкилотларининг ОИТС касаллиги тарқалишини тўхтатиш йўлидаги уриниши ўртасида чамбарчас боғлиқлик борлиги айтилади.

БМТ Тараққиёт Дастурининг Шарқий Европа ва МДҲ давлатлари бўйича директори Калман Мизсейга кўра, ОИТС ва иммун тақчиллиги вируси эпидемиясининг олдини олишда советча буйруқбозлик ва назорат тизими тескари натижа беради. Мажбурий текширув, жазо сиёсати ва маълумотларни яширишга уриниш ОИТС ва иммун тақчиллиги вируси касаллиги тарқалишига туртки бериши мумкин.

БМТ ҳисоботида билдирилишича, Африка давлатларида ОИТС ва иммун тақчиллиги вируси одамлар орасида асосан жинсий алоқа орқали тарқалмоқда. Марказий Осиё ва Шарқий Европа давлатларида эса бу касаллик гиёҳвандлар орасида игна орқали тарқалмоқда. БМТ вакилига кўра, Украина ва Россияда ОИТС ва иммун тақчиллиги вируси ҳам жинсий алоқа, ҳам игна орқали тарқалмоқда.

БМТ ҳисоботига кўра, ОИТС ва иммун тақчиллиги вируси асосан 15 – 40 ёшдаги одамлар орасида кенг тарқалаётгани боис, у жамиятнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига ҳам таҳдид солмоқда. Айни пайтда, дейилади БМТ ҳисоботида, ОИТС ва иммун тақчиллиги вируси эпидемияси шундоқ ҳам қариб бораётган ёки нуфуси камаяётган миллатлардаги дамографик мувозанатга салбий таъсир этмоқда.

БМТ ҳисоботида ОИТС ва иммун тақчиллиги вируси эпидемиясининг сўнгги йилларда Россия эришган иқтисодий ютуқларни йўққа чиқариши мумкинлиги айтилади. Ҳужжатда 2020 йилга бориб 145 миллионлик Россия аҳолисининг беш яримдан 14 ярим миллионигача бўлган фуқароси ОИТС ва иммун тақчиллиги вирусига чалиниши мумкинлиги билдирилган. Бу касаллик эпидемияси мамлакат ҳарбий қудратига путур етказиши, шунингдек қуролли кучларни ислоҳ қилиш ва замонавийлаштириш ишларига таҳдид солиши мумкин.

БМТ расмийси Мизсей, раҳбарларнинг қатъий ва очиқ сиёсат олиб бориши вирус тарқалишининг олдини олишда ёрдам беришини айтади: “Агар давлат Президентидан то Бош вазиригача омма олдига чиқиб, нафақат шундай муаммо мавжудлигини тан олиш, балки унга қарши демократик ва инсоний усуллар орқали курашишни ҳам ваъда қилсалар яхши бўларди. Давлат раҳбарлари ваъдасидан кейин оммавий ахборот воситаларида касаллик юқишининг олдини олишга қаратилган кучли кампания олиб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди”, - дейди БМТ вакили.

Мизсей сўзига қўшимча қилиб, ОИТС ва иммун тақчиллиги вирусига чалинган фуқароларни қўлдан келганча арзон нархдаги дорилар билан таъминлаш ҳукумат бурчи эканини алоҳида таъкидлади.
XS
SM
MD
LG