Линклар

Халқаро “Қизил китоб” рўйхати.

  • Ҳасанжон

Табиатни Муҳофаза Қилиш Халқаро Иттифоқи маълумотига кўра, ҳозирда Колумбия маймунлари, Галапагос шиллиққуртлари, Жанубий Африка дарёлари соҳилида яшовчи қуёнлар, чучук сув балиқларининг йирик турлари бутунлай йўқолиб кетиш арафасида. Бош қароргоҳи Швецарияда жойлашган мазкур ташкилот, яқин келажакда албатрос қушларининг 21 тури, акуланинг ўнлаб тури, ўзидан нур тарқатувчи балиқ ва Ўрта ер денгизи делфинлари ҳам йўқ бўлиб кетиш таҳдидидан бонг урмоқда.

Табиатни Муҳофаза Қилиш Халқаро Иттифоқи яқинда чиқарган “Қизил китоб”да дунё бўйича йўқолиб кетиш таҳдидига учраган жами 12 минг 259 ҳайвон ва ўсимлик тури қайд этилган.

Ушбу ташкилот дунё мамлакатларидаги атроф-муҳит муҳофазаси билан шуғулланувчи гуруҳлар, зоолог олимлар ва экологлар билан яқиндан ҳамкорликда халқаро “Қизил китоб”ни тузган. Ташкилот маълумотига кўра, 12 мингдан ортиқ ҳайвон ва ўсимлик турларининг йўқолиб кетиш таҳдидига учрашига, асосан, инсон фаолияти сабаб бўлмоқда.

Илмий тадқиқотлар натижаларига асосланиб Табиатни Муҳофаза Қилиш Халқаро Иттифоқининг билдиришича, Индонезия, Бразилия, Хитой ва Перуда қуш ва сут эмизувчи ҳайвонлар тури камайиб кетаётган бир пайтда, Эквадор, Малайзия, Шри Ланка, Индонезия ва Бразилияда ўсимлик турлари кескин камаймоқда. Сўнгги бир неча ўн йил давомида мазкур давлатларда саноатлашиш жараёни тезлашган, ўрмон ҳудудлари қисқарган ва мамлакатга келаётган сайёҳлар сони ортган. Бу ва бошқа омиллар ҳайвон ва ўсимлик турлари камайишига сабаб бўлган.

Маълумки халқаро “Қизил китоб”нинг биринчи нашри 16 асрда эълон қилинган. 2003 йилги “Қизил китоб” эса сўнгги 762-нашр ҳисобланади. Айрим биологлар юзлаб, балки минглаб яхши ўрганилмаган майда ҳайвон ва ўсимлик турлари “Қизил китоб”нинг сўнгги нашрига киритилмай қолган бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Ўзбекистон Фанлар Академияси қошидаги Зоология Институти директори Элмурод Шерназаров халқаро “Қизил китоб” аҳамияти ҳақида гапириб, унга Ўзбекистонда йўқолиб бораётган айрим ўсимлик ва ҳайвон турлари ҳам киритилганини айтади.

Энди Ўзбекистон ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси, аниқроғи уларнинг ноёблашиб, йўқолиб бораётган турлари ҳақида сўз юритсак. Ўзбекистон “Қизил китоб”ининг 2-нашри ниҳоят 20 йилдан кейин, яъни, 2003 йилда дунё юзини кўрди. Хўш, бу галги таҳликали “Қизил китоб”га Ўзбекистонда асрлар давомида яшаб келган қандай ҳайвон ва ўсимлик турлари киритилган? Тошкентдаги ҳамкоримиз Тўлқин йўллаган лавҳани тинглаш орқали бу саволга жавоб топишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG