Линклар

logo-print

МДҲда ҳарбий ҳамкорлик


Абдуллоҳ Эргаш Куни – кеча Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Мудофаа Вазирлари Кенгаши тузилганига 12 йил бўлди. Москвада чоп этиладиган “Ҳарбий саноат даракчиси” журналига кўра, амалда ҳарбий соҳадаги алоқалар бошланганига 10 йил тўлди. Шу муносабат билан Марказий Осиё мамлакатларининг МДҲдаги ҳарбий жарёнда тутган ўрни ҳақида ҳамкасбим Абдуллоҳ Эргаш тайёрлаган лавҳани эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз.

Мустақиллик эълон қилинган 1991 йилда постсовет давлатлари ўз миллий ҳарбий доктриналарини ишлаб чиқдилар. Бироқ, собиқ Шўролар Иттифоқидаги кўп давлатларда, жумладан, Марказий Осиёда ҳам бир неча йилдан сўнг бу доктриналарни қайта кўриб чиқишга тўғри келди. Москвада нашр этиладиган “Ҳарбий саноат даракчиси” журналининг ёзишича, “Бунга эндигина мустақилликни қўлга киритган давлатларнинг иқтисодий заифлиги ва қонунчилик базасининг йўқлиги сабаб бўлди”. Шу аснода МДҲда ягона ҳарбий ҳамкорлик тизимини ташкил этиш ғояси туғилди. Ўшандан бери 12 йил ўтди. Хўш, ўтган бу муддат ичида МДҲ давлатларидаги ҳарбий ҳамкорлик қай даражада бўлди? Иқтисодий қолоқ Марказий Осиё давлатларида мустақилликнинг гарови бўлган қуролли кучлар мустақилликни чинакамига ҳимоя қила оладиган кучга айландими?

Биз билан суҳбатда бўлган Тожикистон Президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар институти директорининг ўринбосари Сайдулло Сафаров, Марказий Осиё давлатлари асосан Россия билан ҳарбий ҳамкорлик қилгаётганлигини ва бу ҳамкорлик самарали бўлганини айтади:

“Россия Марказий Осиёнинг барча давлатларига қурол-аслаҳа сотиб олишда имтиёз берган. Шу боисдан Россия Марказий Осиёга ҳарбий соҳада ҳар томонлама ёрдам бериб келмоқда. Иккинчи жиҳатдан эса, бизнинг чегараларимиз бир, шу боис мана шу чегараларни мустаҳкамлаш МДҲдаги барча давлатларнинг биринчи навбатдаги вазифаси эди”, - дейди Сайдулло Сафаров.

Қирғизистонлик сиёсий шархловчи Ғанижон Холматов кузатишларига кўра, чегараси, дини, урф-одатлари бир ҳил бўлган Марказий Осиё давлатлари бир-бири билан ҳарбий соҳада деярли ҳамкорлик қилмаяпти. Бу соҳада улар Россия ва АҚШга қарам бўлиб қолмоқда. Ғанижон Холматов Марказий Осиё давлатлари ҳарбий ҳамкорлиги ҳақида шуларни айтади:

“Бу ҳамкорлик айтадиган даражада сезиларли эмас. Асосий ҳарбий ҳамкорлик ёки бу давлатларнинг ҳарбий соҳадаги тақдири АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабатларда ҳал этилади. Афсуски, кичик давлатларнинг қисмати мана шундай”, - деди Ғанижон Холматов.

Биз билан суҳбатлашган тожикистонлик ва қирғизистонлик кузатувчилар Марказий Осиё давлатлари иқтисодий қолоқликлари сабаб, ўз қуролли кучларини замонавий қуроллар билан таъминлашга қодир эмасликларини айтадилар. Ҳарбий соҳада Россияга қарамлик эса Тожикистон ва Қирғизистоннинг Москва сиёсати таъсирида қолишига сабаб бўлмоқда.

“Бошқа иложимиз ҳам йўқ. Албатта, айни шаротида Америка ва Германия қуролли кучларимизни мустахкамлаш учун ёрдам бераяпти. Лекин асосий қуроллар ва мудофаа услублари ҳалигача Россияники бўлиб қолмоқда”, - дейди Тожикистон стратегик тадқиқотлар институти директори ўринбосари Сайдулло Сафаров.

Москвада чиқадиган “Ҳарбий саноат даракчиси” журнали Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни таҳлил қилар экан, Ўзбекистон ва Қозоғистон қуролли кучлари анча мустаҳкамланганини ёзади. “Ҳарбий саноат даракчиси”га кўра, анча мустаҳкам деб ҳисобланаётган бу икки давлат армияси ҳам замонавий қуролланган бошқа давлатлар, масалан Хитой армиясининг энг заиф бўлаги даражасида эмас. “Ҳақиқий мустаҳкам қўшинга эга бўлиш учун давлат ўзининг ҳарбий саноати, космик разведкаси ва алоқаси ҳамда ядровий ракета қуролларига эга бўлиши лозим. Шунинг учун МДҲдаги ҳарбий ҳамкорлик масаласи ҳалигача долзарблигини йўқотгани йўқ”, - деб ёзади “Ҳарбий саноат даракчиси” журнали. Ва айни шу журналнинг яна ёзишича, “Мана шундай шароитда Қирғизистон ўз ҳудудига мустақиллигининг бир бўлагини йўқотиш эвазига бўлса ҳам Россия ва АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштирганлиги, Асқар Ақаевнинг энг катта ютуғидир”.

Қирғизистонлик сиёсий шархловчи Ғанижон Холматов эса бу борада бошқача фикр билдиради:

“Бу тарихда жуда кутилмаган ҳодиса бўлди. Қирғизистонда, яна 30 километр масофа оралиғида икки буюк давлат - АҚШ, Франция ва Россия қўшинларининг жойлаштирилиши, республиканинг мураккаб ҳарбий вазиятга тушиб қолишига сабаб бўлиши мумкин”, - дейди Ғанижон Холматов.
XS
SM
MD
LG