Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:38

Террорчи ўлим жазосига ҳукм қилинди


Тўлқин 16 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган суд жараёнида террорчилик ҳаракатлари содир этишда айбланган Азизбек Каримов ўлим жазосига ҳукм қилинди.

Хабарларга қараганда, А.Каримов ўз жиноятларини Қирғизистон ҳудудида содир этган.

Ўзбекистон Олий суди матубот котиби Олим Ўсаровнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, андижонлик 26 ёшли А.Каримов 1999 йилдан буён халқаро қидирувда бўлган. 2003 йилнинг май ойида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олинган.

“Судда аниқланишича, у ваҳҳобийлик экстремистик гуруҳига аъзо бўлиб, 1998 йилда Чеченистонда халқаро террорчи Хаттобга қарашли ҳарбий лагерларда махсус тайёргарликдан ўтган. 1999 йилда Азизбек Каримов “Ўзбекистон исломий ҳаракати” диний-экстремистик ташкилоти аъзоси сифатида “Толибон” ҳаракати сафларида Афғонистондаги ҳарбий юришларда фаол иштирок этган. 2001 йил июль ойи охирида экстремистик гуруҳлар раҳбарларининг топшириғи билан Қирғизистонга келган ҳамда 8 кишининг ўлими ва 20 дан ортиқ фуқаронинг жароҳатланишига олиб келган иккита террорчилик ҳаракатини амалга оширган”, дейилади матбуот котиби тақдим этган маълумотномада.

Нега террорчи Қирғизистонда содир этган жинояти учун Ўзбекистонда суд қилинди? Бу саволга Олий суд вакилидан жавоб олишнинг иложи бўлмади.

“Оналар қийноқлар ва ўлим жазосига қарши” ташкилоти раисаси Тамара Чекунованинг айтишича, Қирғизистонда ўлим жазосига мораторий эълон қилинган. Аслида шахс қайси мамлакатда жиноят содир этса, ўша ерда жиноий жавобгарликка тортилиши керак.

“Демократик ташаббус” маркази раҳбари, ҳуқуқшунос Искандар Худойберганов ҳам Т.Чекунованинг фикрини қўллаб-қувватлади. Унинг сўзларига қараганда, гувоҳлар, жабрланувчилар Қирғизистонда бўлган ҳолда А.Каримовнинг Ўзбекистонда суд қилиниши мантиққа зиддир.

Т.Чекунованинг таъкидлашича, Марказий Осиё давлатлари орасида фақат Ўзбекистон ва Тожикистондагина ўлим жазоси сақланиб қолган. Олий Мажлиснинг 2003 йил декабрда бўлиб ўтган сессиясида Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки банди бўйича, яъни геноцид ва агрессияга алоқадор жиноятлар учун ўлим жазоси бекор қилинган. Бироқ терроризм ва қасддан одам ўлдириш жиноятлари учун олий жазо сақлаб қолинган.

И.Худойберганов халқаро ташкилотларнинг талабига қарамай, Ўзбекистонда ўлим жазоси сақланиб қолаётгани хусусида фикр билдирар экан, бу жазо давлат раҳбарларига ўз сиёсий мухолифларини йўқ қилишда қўл келишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG