Линклар

logo-print

Мардикор бозорлари – айрим суюқоёқлар учун ниқоб


Саида Бугунги кунда Ўзбекистонда нафақат Тошкент ёхуд вилоят марказларида, балки туманлар марказларида ҳам мардикор бозорлари пайдо бўлмоқда.

Аҳолига ойлик маошлар ва нафақа пуллари беришда узилишлар бўлаётгани сабабли кўпчилик фуқаро мардикор бозорларга чиқишга мажбур бўлмоқда.

Олтиариқ водийнинг ўзига бой туманларидан ҳисобланади. Шунинг учун бу ерда доимо иш топилади. Айрим хабарларга қараганда, шу кунларда бу ердаги мардикор бозори тирикчилик истагида бўлганлар билан тўлиб-тошган.

“Мен Бағдодданман. Бугунги кунда қишлоқда яшайдиган 20 ёшдан 45 ёшгача бўлган фуқароларнинг асосий қисми ишсиз. Бирор қурилиш ташкилотига ишга кирсангиз, маош тўламайди. Хўжаликларда ҳам шу аҳвол. Яшаш учун бир иш қилиш керак барибир. Бу ерда бир кунга 1,5- минг сўм топиш мумкин”, дейди мардикорликка чиққанлардан бири.

Таҳлилчи Дилором Пўлатованинг сўзларига қараганда, сўнгги пайтда мардикорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида бир кунлик иш билан таъминлайдиган меҳнат биржалари ташкил этилган. Бу биржалар томонидан ишга йўлланган мардикорлар учун иш ҳақи кафолатланган.

Аммо олтиариқлик мардикорлар бундай биржалар кўпроқ ўз манфаатини кўзлаётганини айтади.

Туман марказидан 3 чақирим масофада узоқликда аёллар мардикор бозори жойлашган. Бу ерда 25 ёшдан 40-45 ёшгача бўлган қиз-жувонларни учратиш мумкин. Мардикор аёл Насиба Қудратуллаева Бағдод туманидан келган. Тўрт фарзанди бор. Эри қурувчи уста. Лекин унинг топгани рўзғорга етмайди. Ўзи эса бу ерда олтиариқликларнинг деҳқончилик ишларига кўмаклашмоқда.

Н.Қудратуллаеванинг айтишича, унинг асл касби тикувчилик. Бир неча йиллар олдин ўзининг севган касб билан шуғулланган. Бироқ бугун бу иш билан шуғулланишни истамайди. Чунки қишлоқда пул йўқлиги сабабли тиккан буюмлари учун арзимас пул тўлашади. Кўпчилиги эса шуни ҳам насия қилади.
У мардикор бозорга кейинги пайтларда ёш қиз-жувонлар кўплаб келаётганидан ташвиш билдирди.

“Мардикор бозорини ниқоб қилиб, фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар бугунги кунда кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг айни номақбул ишлари баъзи оилали, фарзандларини ҳалол луқма билан боқиш истагида бўлган аёллар шаънини булғамоқда”, деди Н.Қудратуллаева.
XS
SM
MD
LG