Линклар

16 февраль воқеалари: Беш йиллик хулоса

  • Садриддин Ашур

Бундан беш йил муқаддам – 1999 йилнинг 16 февраль куни Тошкент шаҳри марказида портлашлар содир этилган, унда расмий маълумотларга қараганда 13 киши, норасмий манбаларга кўра эса 20 дан ортиқ фуқаро ҳалок бўлганди.

Ўзбекистон ҳукумати бу террорчилик ҳаракатларини содир этишда “Ўзбекистон исломий ҳаракати”, “Ҳизб ут-таҳрир” диний экстремистик оқими ва мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси аъзоларини асосий айбдор қилиб кўрсатган эди.

Орадан беш йил ўтиб, мазкур портлашлар ҳақида ҳар хил фикрлар пайдо бўлаётган эса-да, ҳукумат бу борадаги ўз позициясини ҳали ҳам ўзгартиргани йўқ.

Шунга қарамай, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари февраль портлашлари аслида ҳукуматнинг сиёсий мухолифларини йўқ қилишига қўл келганини айтмоқда. Уларнинг таъкидлашича, оқибатда сиёсий куч сифатида майдонга чиқиши мумкин бўлган ислом омили бутунлай йўқ қилиб ташланган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг сўзларига қараганда, 16 февраль воқеалари мусулмон динига эътиқод қилувчиларга жуда катта зарар етказган. Мамлакатда ғоялари ва эътиқоди учун минглаб киши қамалган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов мамлакат ҳукуматининг ўзи сиёсий мухолифатни йўқ қилиш, жаҳон ҳамжамиятини Ўзбекистонга ислом терроризми хавф солмоқда, деган чўпчакка ишонтириш мақсадида мазкур портлашларни уюштирганини таъкидлади.

Кузатувчиларнинг эътирофича, 16 февраль воқеаларидан энг кўп жабр чекканлардан бири “Эрк” демократик партияси бўлди. Унинг раиси Муҳаммад Солиҳ мазкур террорчилик ҳаракатларини тўғридан-тўғри уюштирган шахслардан бири сифатида сиртдан суд қилинди.

ЭДП марказий кенгаши аъзоси Дилором Исоқованинг айтишича, вақт ўтиши билан “Эрк” партияси ва унинг лидери ўзларига қўйилган сохта айбларнинг мутлақо асоссизлигини исботлаб бера олди. Жумладан, М.Солиҳга қарши гувоҳлик берган асосий шахс - Зайниддин Асқаровнинг бу айблар сохта эканини таъкидлаши ва “Эрк” етакчисидан очиқча узр сўрагани партия ва раҳбарининг оқланиши учун етарлидир.

Д.Исоқова партияга қўйилган айбларни ўрганиб чиқиш мақсадида унинг адвокатлари Олий судга бир неча марта мурожаат қилгани, бироқ бу сўровлар жавобсиз қолганини билдирди. Шунинг ўзи ҳам қўйилган айблар сохталигини тасдиқлайди, деди у.

Д.Исоқова тилга олган З.Асқаров ўтган йилнинг декабрь ойида хорижий радиолар мухбирларига берган интервьюсида 16 февраль воқеаларини ҳукумат уюштирмагани, аммо портлашларнинг қачон ва кимлар уюштиришидан аввалдан хабардор бўлганини таъкидлаганди.

Кузатувчиларнинг билдиришича, 16 февраль воқеаларидан сўнг Тошкент ёпиқ шаҳарга айланган. Милиция назорати ўта кучайган. Вилоятлардан шахсий юмушлари билан пойтахтга келадиган фуқаролар қаттиқ таъқибга учрай бошлаган. Доимий яшаш учун қайддан ўтиш тўхтатилгани сабабли Тошкентдан уй сотиб олишнинг имкони бўлмай қолган.

“Демократик ташаббус” маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг айтишича, 16 февраль воқеаларига билан боғлиқ барча суд жараёнлари портлашлар ким томонидан уюштирилгани, унинг асл ташкилотчилари кимлар эканини аниқлаб бера олмаган.

“Бирорта ташкилот бу террорчилик актлари учун жавобгарликни бўйнига олмади. Шунинг учун бу портлашлар провакация номини олиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон ҳукумати учун эса бу воқеалар жуда қулай бўлди. Чунки терроризмга қарши кураш кетаётганда инсон ҳуқуқлари масаласи иккинчи планга тушиб қолади. Менимча, Ўзбекистон учун ҳеч қандай терроризм хавфи йўқ. Шу боис, ҳукумат сиёсий мухолифатга қарши курашишда бу омилдан унумли фойдаланди, десак бўлади. Ўзбекистонда “террор” сўзи айрим хизматлар томонидан фақат ўз курсиларини сақлаб қолиш мақсадида қўлланилади”, деди И.Худойберганов.
XS
SM
MD
LG