Линклар

Чегара можароси давом этмоқда


Шайбон Қозоғистоннинг “Хабар” ахборот агентлиги тарқатган маълумотларга қараганда, расмий Тошкент Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг 27 километрлик масофаси бўйича аввал эришилган келишувни бекор қилиш талабини илгари сурган.

Агентлик хабарида айтилишича, икки мамлакат ўртасидаги 1200 километрлик чегаранинг 960 километри делимитация қилиб бўлинган. Қирғизистон Бош вазири Николай Танаев мамлакат парламенти йиғилишида Ўзбекистон томони делимитация қилинган чегаранинг 27 километри юзасидан эришилган келишувни бекор қилишни талаб этаётганини билдирган.

Аммо расмий Тошкент агентликнинг бу хабарини инкор этмоқда. Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Малик Қодиров айтишича, чегара масаласи дарров ҳал этиладиган иш эмас. Айни пайтда чегара ҳудудларини аниқлаш жараёни ўта оғир кечмоқда. Чунки айрим жойларда бир қишлоқнинг, ҳатто бир хонадоннинг икки мамлакат ҳудудида ҳам жойлашиб қолгани ҳолатлари ҳам мавжуд. Бундай вазият Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида ҳам кузатилмоқда.

Маълумотларга кўра, шаклланган халқаро меъёрларга асосан бундай вазиятдан ҳукуматлар комиссиялари ўзаро келишган ҳолда у ёки бу ҳудуддан воз кечиши керак. Бу нозик масала Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги келишмовчиликнинг асосий сабаби ҳамдир.

М.Қодировнинг айтишича, Қирғизистон ҳудудидаги Ўзбекистоннинг анклавларида бир қанча муҳим иншоотлар, жумладан, сув ва нефть ҳавзалари мавжуд. Мамлакат ҳаётида муҳим ўрин тутадиган бундай иншоотлардан ҳар икки томон ҳам воз кеча олмаслиги табиий. Натижада чегараларни делимитация қилиш жараёни боши берк кўчага кириб қолмоқда.

Расмий Бишкек юзага келган вазият юзасидан бирор изоҳ билдиришдан ҳозирча тийилмоқда. М.Қодировнинг таъкидлашича, икки ҳукумат комиссиялари ўртасидаги келишувга кўра, чегара масаласи тугал ҳал этилмай туриб, бу ҳақда матбуот учун ҳеч қандай маълумот берилмайди. Чунки бу комиссиялар ишига таъсир этиши мумкин.

М.Қодиров бугунги кунга келиб Туркманистон билан чегара ҳудудлари тўлиқ аниқлангани, Қозоғистон билан эса демаркация жараёни кечаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, бу ишлар Тожикистон билан саксон фоизга ҳал этилган. Фақат Фарғона водийсидаги қийин участкалар масаласи қолган, холос.
XS
SM
MD
LG