Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:50

Коммунал хизматнинг “қаноти” борми?


Зикрилло Ишонч Жорий йилнинг биринчи январидан бошлаб Ўзбекистонда коммунал хизматлар учун тўловлар сезиларли даражада оширилди. Бу эса тўловга қобилиятсиз фуқаролар учун жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Тошкентнинг Миробод тумани “Иссиққувват” идораси вакилининг айтишича, айни пайтда иситиш хизмати учун бир квадрат метрга тўлов миқдори 95 сўмни (илгари 78 сўм) ташкил этади. Иссиқ сув учун тўлов киши бошига 1303 сўм 92 тийин (олдин 1100 сўм) қилиб белгиланган. Бундай тўловлар 2002 йилда 5-6 марта, 2003 йилда эса 3 марта оширилган.

Сиёсатшунос Комрон Алиев фақат коммунал хизматлар эмас, балки транспорт, тиббиёт ва бошқа хизматлар учун ҳам тўловлар оширилиб келинаётганини таъкидлади. Унинг билдиришича, 2003 йилнинг ноябридан буён Ўзбекистон ўзини ўзи таъминлаётгани айтилаётган нефть маҳсулотлари баҳоси уч марта оширилган. Яъни ўтган бир неча ой ичида 76 маркали бензин баҳоси 255 сўмдан 315 сўмгача кўтарилган.

К.Алиев бу Ўзбекистонда давом этаётган иқтисодий бўҳроннинг натижаси, шу билан бирга, мамлакатда коррупция даражасининг ошгани билан изоҳланишини билдирди.

Мутахассислар Ўзбекистонда иш ҳақи ва нафақалар миқдори бир марта ошса, турли хизматлар баҳоси бир неча марта ўсаётгани аҳолининг реал даромадлари пасайишига олиб келаётганини таъкидламоқда.

К.Алиевнинг фикрича, мамлакатда аҳолининг бу борадаги фикри билан ҳеч ким қизиқаётгани йўқ. Фуқароларнинг реал даромадлари эса ошмай қолиб кетмоқда. Демак, нарх-навонинг ўсиши аҳоли даромади камайиши ҳисобига амалга оширилмоқда.
XS
SM
MD
LG