Линклар

Хорижга кетиб ҳам қутулиш қийин


Фирдавс Хабарларга кўра, Қашқадарё вилояти Китоб туманилик фермерлар Акром Маҳмедов ва Абдураҳмон Ўтаев таъқиб ва тазйиқлардан безиб, Ўзбекистондан чиқиб кетишгандан сўнг уларнинг оила аъзолари ҳамон маҳаллий раҳбарларнинг зуғумидан қутулмаган.

Китоб туманидаги “Китоб” ширкат хўжалиги ва шу ерда ташкил этилган “Диёр” ҳамда “Боғи лимон” фермер хўжаликлари ўртасидаги низолар яқин икки йилдан буён давом этади. Маълумотларга қараганда, ширкат хўжалиги раҳбари Зариф Бурхонов мазкур фермер хўжаликлари ерларини тортиб олиш учун жиддий ҳаракатлар қилган. Бу иш юзасидан бир неча марта суд жараёнлари ҳам бўлиб ўтган. 2003 йилнинг май ойида “Диёр” фермер хўжалиги раҳбари А.Маҳмедов суд ҳукми билан беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. “Диёр” ихтиёрида бўлган 14 гектар боғ З.Бурхонов томонидан томорқа сифатида тарқатиб юборилган. А.Маҳмедов озодликка чиққач ҳам фермерларга таъқиб-тазйиқлар тўхтамаган. Шундан сўнг А.Маҳмедов, А.Ўтаев ва Зоҳид Маҳмедов оила аъзолари билан АҚШга чиқиб кетган.

А.Ўтаевнинг укаси Илҳом Ўтаевнинг айтишича, фермерлар хорижга кетгач ҳам уларнинг яқинларига муносабат ўзгармаган. Алининг аламини Валидан олишга ўрганган маъмурлар А.Ўтаевнинг укаси Парда Ўтаевни Китоб тумани судининг ажримига асосан жорий йилнинг 3 февраль куни ҳибсга олган.

И.Ўтаевнинг билдиришича, 2003 йил 22 апрелда Ўтаевлар билан қишлоқдоши Равшан Қобилов ва яқинлари ўртасида жанжал келиб чиққан. Ака-ука Илҳом ва Парда Ўтаев жароҳат олиб, шифохонага тушган. Бу ишга милиция аралашиб, иш судга оширилган. Суд П.Ўтаевни Жиноят кодексининг 109- моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) бўйича айбдор топган. Жанжалда иштирок этган Р.Қобиловга эса ҳеч қандай чора кўрилмаган.

И.Ўтаев П.Ўтаевнинг ҳибсга олинишига асосий сабаб акасининг хорижга чиқиб кетгани эканини таъкидлади.

П.Ўтаевнинг адвокати Мели Холмирзаевнинг фикрича, ЖКнинг 109-моддаси қамоқ жазоси билан боғлиқ бўлмаган, ижтимоий хавфсиз жиноятларга нисбатан қўлланилади. Бу ўринда ишни томонларни яраштириш асосида ҳал қилиш мумкин.

А.Ўтаев хорижга кетгач, “Боғи лимон” фермер хўжалиги ишини юритиш вазифаси келини Маҳфуза Овлақулова зиммасига юклатилган.

“Бугунги кунда иш юритишнинг ҳеч имкони бўлмаётир. Чунки Равшан Қобилов фермер хўжалиги далаларига боришга қўймаяпти. Агар борсак, уради ёки ҳақорат қилади”, деди М.Овлақулова.

М.Овлақулованинг айтишича, Р.Қобилов “Китоб” ширкат хўжалиги раҳбари З.Бурхоновнинг одами, шунинг учун у Ўтаевлар оиласига тазйиқ ўтказишда давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG