Линклар

Ол ерингни, бер қабристонимни!


Бир неча йилдирки, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманининг Йўлдош Ўрозбоев номидаги фермер хўжалигида жойлашган Дўрмон овул фуқаролар йиғини аҳли ўтганларни ёд этиш, яқинлари қабрини зиёрат қилиш имкониятидан маҳрумдир.

Гап шундаки, фуқаролар йиғинидаги Авангард қишлоғи Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегара ҳудудида жойлашган. Икки мамлакат ўртасида чегара симлари тортилгандан сўнг қишлоқнинг Яккалам қабристони Туркманистон ҳудудида қолиб кетди.

“Ийди Қурбон ва Ийди Рамазон ҳайитларида сим тўсиқнинг Ўзбекистон томонида туриб, Қуръон тиловат қиламиз. Қабристон томонга эса ўтказгани қўйишмайди. Яқинларининг қабрини кўнгилдагидек зиёрат қила олмагани учун турли туманлардан қабристонга келган одамлар қон йиғлаб қайтиб кетади”, дейди қишлоқ аҳли.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, туркман чегарачилари қабристон яқинига йиғилганларда жуда қўпол муносабатда бўлади. Айниқса, ҳайит байрамлари куни бу ерга икки юзталаб чегарачи қўйилади. Чегарадан ўтиш учун 6 доллар бож пули тўлаш белгиланган. Агар шунча пулни тўлаб, чегарадан ўтганда ҳам чегарачилар қабристонга боргани қўймайди.

Дўрмон овули аҳлининг сўзларига қараганда, Яккалам қабристонида бирорта ҳам туркманистонликнинг жасади дафн этилмаган.

Маълум бўлишича, шўро даврида қабристон Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланган. Лекин чегаралар белгиланиш жараёнида туркманлар Ўзбекистонга ўзларининг қирқ гектар ерини қолдирган ва майдони бир гектар бўлган қабристонга эгалик қила бошлаган.

“Бизга нима керак уларнинг бунча ери. Ундан кўра қабристонимизни қолдирсалар бўлмасмиди? Энди бугунга келиб қабристон бутунлай қаровсиз ётибди”, дейди маҳалла оқсоқоли Қозоқбой Эгамов.

Унинг айтишича, ҳозир янги қабристон учун икки гектар ер ажратиб берилган. Лекин одамлар бу ерни сув олиб кетишидан чўчиб, жасадларни яқин атрофдаги бошқа қабристонларга олиб бориб қўймоқда.
XS
SM
MD
LG