Линклар

“Интерньюс” ОАВ душманларини излайди


Шайбон “Интерньюс” халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистонда 2004 йилнинг январь ойида ОАВ га нисбатан амалга оширилган ғайриқонуний ҳаракатлар ҳамда журналистлар фаолиятини чекловчи ҳолатлар юзасидан ўтказилган мониторинг натижаларига оид ҳисоботни эълон қилди.

Мониторинг натижаларидан маълум бўлишича, январда журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларга ошкора тазйиқ ўтказиш, мақолаларни цензура қилиш билан боғлиқ бир қанча ҳолатлар қайд этилган.

Ахборот олишдаги чекловлар Ўзбекистонда кенг тарқалган муаммолардан бири. Буни ўз вақтида Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби Рустам Жумаев ҳам эътироф этган эди. У ҳатто вазирликлар ва ташкилотлар матбуот котибларига мурожаат қилиб, ахборот бериш борасидаги қонун-қоидаларга жиддий риоя этишга чақирганди. Аммо мониторинг натижалари вазият ўзгармаганини кўрсатиб турибди.

Президент матбуот хизмати вакили Ойбек Кимсанбоевнинг таъкидлашича, ахборот сўралганда уни тақдим этиш фойдали экани хусусида барча ташкилотларга тавсия берилган. Шунга қарамай, маълумот бермаган амалдорларга нисбатан чора кўриш амалиётда кузатилмаган.

Ҳисоботда журналистларга ошкора тазйиқ ўтказиш, таҳдид қилиш ва уларни калтаклаш ҳолатлари тилга олинган.

Ҳисобот ҳаммуаллифи, ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаровнинг айтишича, бундай ҳуқуқбузарликлар аввалги мониторингларда аниқланганларидан анча кўпайган.

Ҳисоботда тилга олинган ҳар бир ҳолат остида ҳуқуқшунос маслаҳати келтирилган. Шунга қарамай, Б.Шоҳназаровнинг таъкидлашича, агар журналистнинг ҳуқуқлари юқори мартабали амалдор томонидан бузилган бўлса, мурожаат этилган орган (бу ўринда суд) мансабдор фойдасини кўзлаши мумкин.

Журналистлар фаолиятига тўсқинлик нафақат маҳаллий, балки хорижий ОАВ вакилларига нисбатан ҳам учрайди. Маълумотларга кўра, бундай вазиятда уларнинг Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилингани ҳақидаги гувоҳномаси ҳам ҳеч қандай таъсир кучига эга бўлмайди.

Б.Шоҳназаровнинг таъкидлашича, хорижий журналистнинг аккредитацияси маҳаллий амалдорлар тан олинмаслиги илдизларини мамлакатда матбуот ва сўз эркинлигига муносабатдан излаш зарур.
XS
SM
MD
LG