Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:50

МУНОСАБАТЛАРНИ СОВУТАЁТГАН ТЎҚТАҒУЛНИНГ МУЗДЕК СУВИМИ?


Қозоғистон Республикаси Фавқулодда Вазиятлар Агентлиги тарқатган энг сўнгги маълумотларга қараганда, Сирдарё сувининг тошиб кетиши оқибатида Қозоғистоннинг Қизил Ўрда вилоятида пайдо бўлган вазият жиддийлигича қолмоқда.

Агентлик хабарига қараганда сув босган ҳудудлар аҳолисини хавфсиз жойларга кўчириш ишларига Қизил Ўрда вилояти қутқарувчиларидан ташқари қўшни Жанубий Қозоғистон вилояти қутқарувчилари, республика Тезкор-қутқарув отряди ҳамда Фавқулодда Вазиятлар Агентлиги Фуқаро Мудофааси полки қутқарувчилари жалб этилган.

Сирдарё бўйидаги аҳоли сув тошқинидан азият чекаётган бир пайтда минтақа сиёсатчилари айбни бир-бирларига тўнкаш билан банд.

Сиёсатчиларнинг даҳанаки муҳорабаларига бироздан сўнг тўхталамиз. Ҳозир эса, Қозоғистон Республикаси Фавқулодда Вазиятлар Агентлиги ёйинлаган сўнгги маълумотлар билан танишайлик.

Сирдарёнинг Қизил Ўрда шаҳрини кесиб ўтувчи қисмида муз қолмагани сабабли сув сатҳи 19 февралда 1 метрга пасайди, бироқ, шаҳар атрофидаги дала ҳовлиларни сув босиб, бу ерда истиқомат қилувчи 1223 киши хавфсиз жойга кўчирилди, дейилади Агентлик тарқатган маълумотномада.

Жалагаш туманидаги Ақсув овулига яқин жойда ҳимоя тўғони уч жойдан бузилгани туфайли овулдан 700 киши эвакуация қилинган. Агентлик маълумотларига кўра, сув тошқини туфайли эвакуация қилинганлар 2000 нафардан зиёд. 500га яқин уйни сув босган.

Маълумки, Сирдарё сатҳининг кўтарилиши туфайли Қозоғистон ҳудудидаги Чордара сув омборида ҳамда Қизил Ўрда вилояти ҳудудида пайдо бўлган вазият уч қўшни давлат - Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон расмийлари ўртасида кейинги пайтларда ўтказилаётган махсус сўзлашувлар объекти бўлиб келаяпти.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Қозоғистон томони пайдо бўлган вазиятдан чиқиш, унинг келажакда такрорланмаслиги учун нима қилмоқ керак, деган саволга жавоб топганга ўхшайди. Kazakhstan today агентлигига кўра, Астана Чордара сув омборидан 70 км нарида яна бир сув сақлагич қурмоқчи. Бу ишга 150 миллион доллар атрофида маблағ сарфламоқчилар.

Нима қилмоқ керак, деган саволга қозоқлар жавоб топган бўлсалар, ўртада сув тошқинига ким айбдор, деган савол ҳам турибди.

Бу саволга жавобни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 13 феврал куни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга йўллаган мактубида берган эди.

Қўлимизда Президент мактубининг 14 феврал куни Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги матбуот хизматидан олинган нусхаси.

Ҳужжатда, жумладан, шундай дейилади:

"Тўқтағул каскадидан сувнинг куз ва қиш мавсумида назоратсиз ва ўйланмасдан оқизилиши билан боғлиқ Сирдарё ҳавзасида юзага келган гидрогеологик вазият Ўзбекистонни бу йилгина ташвишга солаётгани йўқ. Бундай вазият биринчи навбатда Қирғизистоннинг Тўқтағул сув омборидан сувни қишда тўплаб, суғориш мавсумида оқизиш тўғрисида ўз қўшнилари билан аввал келишиб, қабул қилинган қарорларни бузаётганлиги туфайли пайдо бўлаяпти".

Хўш, расмий Тошкентнинг бу айбловига Бишкек қандай муносабат билдирди?

Озодлик мухбирлари қўлга киритган маълумотларга қараганда, Бишкек ҳали Президент Каримов Президент Назарбоевга хат ёзган-ёзмаганлигини ҳам аниқ билмайди.

Қирғизистон Республикаси Ташқи Ишлар вазирлиги МДҲ мамлакатлари бошқармаси бошлиғи Эркин Мамкулов Озодлик мухбирига шундай деган:

- Биз ҳозир бу масала устида ишлаяпмиз. Ҳозирча бундай ҳужжат чиндан ҳам мавжуд эканлигини айта олмаймиз.

Ислом Каримов хат ёзган-ёзмаганлигидан қатъи назар, деб эслайди Озодлик мухбири, Ўзбекистоннинг позицияси аввал-бошданоқ аниқ эди, дейди ва Ўзбекистон Бош Вазири муовини Ўткир Султоновнинг 11 февралда Бишкекда бўлиб ўтган учрашувда айтган мана бу гапини эслайди:

- Агар Қирғизистоннинг электроэнергетика тизими билан Россиянинг Интер РАО ЕЭС акционерлик жамияти ўртасида 1,5 миллиард киловатт электр энергияси бўйича шартнома амалга ошадиган бўлса, бизнинг бу ерда ўтиришимизга ҳожат йўқ.

Ислом Каримов ҳам Нурсултон Назарбоевга ёзган хатида Қирғизистонни Россияга энергия сотишни кўзлар экан, қўшниларини ўйламаяпти, деб айблаган.

Лавҳа давомида "Нима қилмоқ керак" ва "Ким айбдор", деган саволларга томонлар жавоби билан таништирдик. Энди яна бир - ўзаро муносабатлар шундай давом этаверса, оқибати нима бўлади, деган савол қолди.
XS
SM
MD
LG