Линклар

Самара сафари фожеа билан тугади


Нурбек Яқинда Россиянинг Самара шаҳрида номаълум шахслар томонидан ўлдирилган самарқандлик Акобир Абдураҳмоновнинг жасадини ота-онаси уйига олиб келди. Марҳумнинг уч фарзанди етим қолди.

Марҳумнинг отаси Толиб Абдураҳмоновнинг айтишича, ўғли Акобир бундан қарийб тўрт йил илгари Самарага ишга кетган. У шу йилнинг февралида уйига қайтишни режалаштирган эди.

Россияда А.Абдураҳмонов билан ишлаган Марат Қўзиевнинг билдиришича, қотиллик ўтган йил декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида содир бўлган. Ўлик анча вақт ўтгандан кейин топилган. Марҳумнинг 3 минг доллар пулини олиш учун жонига қасд қилишган. Жасадни Ўзбекистонга олиб келиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштиришга қарийб икки ой вақт кетган. Жорий йилнинг 14 февралида тобут очилмай туриб, жасад ерга қўйилган.

Хабарларга қараганда, Самарқанднинг Ғафур Ғулом номидаги маҳалласидан Россияга иш излаб кетганлардан, А.Абдураҳмоновни қўшиб ҳисоблаганда, сўнгги икки ой давомида олти кишининг жасади келган. Шаҳарнинг бошқа маҳалла ва гузарларида ҳам шундай воқеалар тез-тез содир бўлмоқда.

Вилоят маҳалла оқсоқоллари кенгаши масъулларидан бирининг таъкидлашича, 2003 йилда биргина Самарқанд вилоятига Россиядан юздан ортиқ жасад олиб келинган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилоти Самарқанд вилояти бўлими раиси Комил Ашуров ҳар бир давлат ўз фуқароларини у қайси мамлакатда бўлишидан қатьий назар ҳимоя қилиши лозимлигини билдирди. Унинг айтишича, бу қоида Конституцияда ҳам белгиланган бўлса-да, амалда ижроси кўринмаётир. Агар ҳукумат хорижда ишлаётганларнинг ҳимоясини зиммасига олмаса, темир тобутлар сони ортиб бораверади, деди К.Ашуров.
XS
SM
MD
LG