Линклар

Дубайга боришдан эҳтиёт бўлинг, аёллар!


Саида Ўзбекистонда бир қанча халқаро ташкилотлар одам савдосига қарши курашни давом эттирмоқда. Кузатувчиларнинг айтишича, ҳукумат ҳам бу масалага эътибор қарата бошлаган.

Ўтган йили АҚШ одам савдосига қарши курашдаги сусткашлик учун Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатга нисбатан жазо чоралари қўллаши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

Бу огоҳлантириши таъсир этган шекилли, Ўзбекистонда бу борада анча-мунча ишлар амалга оширила бошланди.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда 2002-2003 йилларда қиз-жувонларни жиноий мақсадлар йўлида хорижга жўнатиш билан шуғулланганлар устидан 23 та жиноят иши қўзғатилган. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одамлардан шаҳвоний ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун алдов йўли билан уларни ёллаш) асосида 512 нафар қўшмачи жавобгарликка тортилган.

Халқаро миграция ташкилоти Марказий Осиё мамлакатларида одам савдосига қарши кураш мақсадида ишлаб чиқилган лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш учун грант ажратган. АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги – ЮСАИД томонидан молиялаштирилган бу лойиҳа Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонда амалга оширилади.

Лойиҳанинг Ўзбекистон бўйича мувофиқлаштирувчиси, “Истиқболли авлод” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Нодира Каримованинг айтишича, мамлакат вилоятларида еттита долзарб алоқа пункти ташкил этилган бўлиб, улар одам савдоси бўйича маълумотлар жамлайди. Уларнинг юридик ҳимоясини “Аёл” нотижорат маркази таъминлайди. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишда жамоат ташкилотлари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Н.Каримованинг таъкидлашича, қўшмачилар томонидан хорижга жўнатиладиган аёлларнинг кўпчилиги Бирлашган Араб Амирлигига бориб тушади. БАА да одам савдосига қарши курашувчи халқаро ташкилотлар фаолияти яхши йўлга қўйилмагани қўшмачилар алдовидан азият чеккан аёлларни юртга қайтаришга бирмунча тўсиқ бўлади.
- Асосий мақсади иқтисодий аҳволини ўнглаб олиш бўлган, фаҳш қурбонига айланган бу қиз-жувонлар ўртача 21-28 ёшдадир, - дейди Н.Каримова. - Бу аёлларнинг кўпчилиги боқувчисини йўқотган, яъни тумуш ўртоғи қамалган ёки гиёҳвандлик балосига чалинган. Жиноятчи гуруҳлар вояга етмаганларни ҳам шаҳвоний тижоратга жалб қила бошлаган.

Шу кунларда 19 февраль куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси одам савдоси бўйича журналистлар ўртасида беш кунлик семинар тренинг ўтказмоқда. Ваколатхонанинг аҳолишунослик масалалари бўйича мутахассиси Пьер Нормаркнинг айтишича, тренингда одам савдоси ва унинг келиб чиқиши, фуқароларнинг бу борадаги хабардорлигини ошириш бўйича маърузалар ўқиляпти.
XS
SM
MD
LG