Линклар

logo-print

“Ёзувчи”ларга ҳам осон тутманг


Ўзбеклар мутасадди ташкилотларга шикоят билан мурожаат қиладиганларни “ёзувчи”, деб атайди ва кўпчилик уларга салбий муносабатда бўлади. Хоразмлик 42 ёшли корейс аёли Стелла Алексеевна Ли ҳам “ёзувчи”лардан.

Шу боис, унга кўпчилик салбий муносабатда бўлади, ҳатто ақли жойида эмас, деб ҳисоблайди.

С.Ли икки фарзанднинг онаси, касби ўқитувчи. Хоразм давлат педагогика институти дипломига эга бўлишига қарамай, ҳозир тарих факультетининг сирқи бўлимида 2-курсда таълим олмоқда. С.Ли тўрт йилдан буён Урганч шаҳридаги 10-мактабда тарих фанидан дарс беради. Бироқ мактаб директори билан ўзаро келишмаслик натижасида у турли можароларни бошдан кечирмоқда.

“Икки йил давомида яхши ишлаганим учун фахрий ёрлиқ олдим, мукофот пули ҳам олдим. Аммо директор Светлана Самандарова билан шахсий можаро чиқиб қолди. У менга уч марта ҳайфсан бериб, ишдан бўшатди”, дейди С.Ли.

Унинг айтишича, келишмовчиликлар шу даражага етганки, бу иш фуқоролик судида, кейин эса шаҳар жиноят ишлари судида кўриб чиқилган.

Урганч шаҳри халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Р.Бобожоновнинг билдиришича, С.Лининг бўлимга қилган мурожаати асосида, бу иш бир неча марта ўрганиб чиқилган.

С.Лига мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларини бир неча марта ҳақорат қилганлик, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини доимий равишда қасддан камситиш келганлик айби қўйилган ва у маъмурий жавобгарликка тортилиб, жарима солинган. Бироқ С.Ли бундай муносабат айнан ўзига нисбатан юз бераётганини таъкидламоқда. Унинг айтишича, судда унга қарши гувоҳлик берган ўқитувчиларнинг дарс соатлари кўпайтирилган.

С.Ли мактабдаги муаммолар ва камчиликлар ҳақида мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилгани, балки шунинг учун ўзини ёмон кўришларини тахмин қилди.

Рус тилига ихтисослашган 10-мактаб 1961 йилда ташкил этилган. Р.Бобожоновнинг айтишича, бир вақтлар кўплаб ютуқларни қўлга киритган бу мактабда кейинги йилларда ишлар кўнгилдагидек эмас. Бунга муҳитнинг ёмонлашгани таъсир этяпти, дейди у.
XS
SM
MD
LG