Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:42

Эрондаги сайловлар натижалари Теҳроннинг Марказий Осиё сиёсатига қандай таъсир қилади?


Фарангис Саид Марказий Осиё республикалари мустақилликка эришганидан сўнг кўпгина мамлакатлар минтақани ўз таъсир доирасига киритишга ҳаракат қилди. Бундай мамлакатлардан бири Эрондир. Аммо Теҳроннинг минтақа давлатлари билан муносабатларини иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари ёки маданий ва диний яқинлик эмас, балки сиёсий ҳамда мафкуравий омил белгилаб берди. Эроннинг Исломий давлат экани ҳам Ғарб давлатлари, ҳам МО мамлакатларининг унга нисбатан ёндашувида асосий рол ўйнади.

Ваҳоланки, Британиядаги Эдинбург Университенинг Сиёсий фанлар кафедраси профессори Роланд Данройтер фикрича:

- Эроннинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсати ҳар доим жуда прагматик бўлган. Ғарб давлатлари, хусусан АҚШда Эрон МОда сиёсий Исломнинг кучайишига ҳисса қўшади, деган хавотирлар бор эди.

“Бундай хавотирлар ҳозир ҳам йўқ эмас”, - дея давом этади мутахассис. Роланд Данройтер фикрича, бу айниқса Ўзбекистон раҳбариятига таалуқлидир:

- Бундай хавотирлар, биринчи навбатда, Ўзбекистонда бор. Мазкур ташвишлар Тожикистонда фуқаролар уруши бошланиб, бу билан минтақада сиёсий ислом масаласи долзарблашганидан сўнг пайдо бўлган эди.

Аммо, мутахассис фикрича, бундай хавотирлар асоссиз. Амалда Исломий ғояларни Марказий Осиё жамиятларига экспорт қилиш ҳеч қачон Теҳрон мақсади бўлмаган. Эроннинг МОга нисбатан сиёсатидаги устивор масала – минтақада барқарорлик бўлиб келган, дейди Роланд Данройтер:

- Умуман оладиган бўлсак, Эроннинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатида барқарорлик асосий мақсаддир. Айниқса, Афғонистон, Ироқ ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларидаги беқарорлик фонида Теҳрон расмий доираларида МО барқарор бўлиши керак, деган фикр мавжуд.

Эрондаги парламент сайловлари натижалари мамлакатнинг МО, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан сиёсатини ўзгартирадими, деган саволга Роланд Данройтер мана бундай жавоб берди:

- Эрондаги сайловлар натижасида ким ғалаба қозонишидан қатъий назар, Теҳроннинг МО сиёсатида кескин ўзгариш кузатилмайди. Чунки шу кунгача олиб борилган сиёсатни ҳар иккала партия, ҳам ислоҳотчилар, ҳам консерваторлар қўллаб-қувватлаб келган. Ҳатто радикал исломий гуруҳлар ва консерватор сиёсатчилар орасида ҳам МОга нисбатан мафкуравий сиёсат олиб бориш тарафдорлари кўп эмас.

Бу фикрга Озодлик радиосининг Эрон бўйича таҳлилчиси Билл Самий ҳам қўшилади:

- Эроннинг МОдаги устивор манфаати стратегик ва иқтисодий характерда бўлиб, Эрон нефт ва газ қувурларини қуриш, ҳамда МО билан савдо-сотиқни ривожлантиришни кўзламоқда. Эрондаги парламент сайловларида ким ғалаба қозонмасин, бу масалалар муҳимлигича қолаверади. Менимча, Эроннинг МОга нисбатан сиёсатида ҳеч қандай жиддий ўзгариш бўлмайди, - дейди Озодлик радиоси таҳлилчиси.

Эдинбург Университети профессори Роланд Данройтер МО республикалари, жумладан Ўзбекистон раҳбарияти Эрон билан етарлича ҳамкорлик қилмаяпти, деб ҳисоблайди:

- МО расмийлари орасидаги “Теҳрондаги режим потенциал таҳдид”, деган фикр, уларнинг Эрон билан маданий, иқтисодий ва сиёсий муносабатларининг чуқурлашишида тўсиқ бўлмоқда.

МО республикалари Эрон билан қайси соҳаларда ҳамкорлик қилишлари мумкин, деган саволга Озодлик радиосининг Эрон бўйича таҳлилчиси Билл Самий:

- МО Теҳрон учун экспорт бозоридир. Бундан ташқари эронлик муҳандислар, қурувчилар ва нефт соҳаси мутахассислари МОда ишлашмоқда. Албатта, ҳозирда иқтисодий алоқаларнинг ривожланишига тўла эркинлик берилган, деб бўлмайди. Аммо аслида иқтисодий манфаатлар мафкуравий тўсиқларни бартараф эта олади, - деб фикр билдиради.
XS
SM
MD
LG