Линклар

“Разведкачи”ми ёҳуд “жосус”?


Фарангис Саид

Азиз муҳлис, совет даврида яратилган “Қилич ва қалқон” филми ёдингиздами? Унда Совет Иттифоқи фашистлар Германиясига ўз разведкачисини юборади. Совет филмларини кўриб, катта бўлганлар Йохан Вайсдан ташқари “Баҳорнинг 17 лаҳзаси” филмидаги Штирлицни ҳам жуда яхши билишади. Бу икки филм қаҳрамонини яхши кўрмаган қиз, уларга ўхшашни хоҳламаган ўғил бола бўлмаган бўлса керак. Шахсан мен ўзим кичкиналигимда кўпроқ Генри Шварцкопфни, тўғрироғи бу ролни ўйнаган Олег Янковскийни яхши кўрар, Генрининг филм охирида “бизникилар” тарафига ўтишидан жуда ҳурсанд бўлар эдим. Штирлиц ҳақида эса, гапирмаса ҳам бўлади. Бошқа бир филмда артист Вячеслав Тихонов, Наташа Ростова билан балда рақсга тушган Андрей Болконский ролини ўйнаганида, катталарнинг “Наташа Ростова Штирлиц билан рақсга тушяпти”, деганлари эсимда. Вячеслав Тихонов ва Станислав Любшин ўйнаган роллар разведкачи бўлишни орзу қилган авлоднинг пайдо бўлишига олиб келди. Умуман, совет даврида разведкачилар ҳақида кўплаб филмлар яратилди. Уларда совет разведкаси ходими “разведкачи”, душман давлат разведка хизмати ходими эса “жосус”, деб аталар ва филмни кўрган ёки, айтайлик, китоб ўқиган кишида бу икки сўзга ҳам бошқа-бошқа ёндашув шаклланар эди.

Аслида, ҳар иккала сўз ортида бир хил иш, бир хил ҳаёт туришини тушуниш қийин бўлмаса керак.

Совуқ уруш даврида ҳар иккала қутбга мансуб давлат ўз душмани ҳудудига жосусларини юборган. Совуқ уруши тугаганидан сўнг, ўз вақтида мафкуралар рақобати йўлида хизмат қилган ва қаҳрамон ҳисобланган разведкачиларга муносабат ўзгарди.

Полшалик разведкачи, полковник Рижард Куклински 10 йил давомида Варшава Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларга оид махфий маълумотларни АҚШнинг Марказий Разведка Бошқармасига бериб турган. У ўтган ҳафта АҚШда 72 ёшида вафот этди. Марказий Разведка Бошқармаси раҳбари Жорж Тенет бу муносабат билан баёнот бериб, Куклинскини “совуқ уруш қаҳрамони”, деб атади. “Куклински ва унга ўхшаганлар фаолияти натижасида Полша ҳамда Марказий ва Шарқий Европанинг бошқа давлатлари эркинликка эришди”, деб таъкидлади Жорж Тенет.

АҚШ билан ҳамкорлик қилган Куклински Ғарб давлатлари учун қаҳрамон бўлса, коммунизм ҳукм сурган Полша раҳбарияти ва халқи учун у Ватан хоини бўлган. 1984 йилда у Варшавада сиртдан суд қилиниб, ўлим жазосига ҳукм этилди. 1995 йилга келиб, коммунизм ғояларидан воз кечган Полшада Куклински оқланди.

- Расмийлар у нотўғри иш қилган, деб ҳисоблашар эди. Чунки у нафақат коммунистик мафкурадан воз кечган, балки ўз халқи, жамияти, ҳамкасблари, ўз ватани аскарларига ҳиёнат қилган, - дейди Куклински ҳақида Варшава Университети қошидаги Социология Институти таҳлилчиси Мираслава Грабовска.

Бугунги кунда 45 фоиз полшаликлар Куклинскини миллат қаҳрамони, деб ҳисоблашади. 25 фоиз полшаликлар фикрича, у сотқин бўлган. Сўралганларнинг 26 фоизи Куклински фаолиятини қандай баҳолаш керак, деган саволга жавоб бера олмаган.

Йоханна Олбрихт совуқ уруш даврида жосуслик қилган яна бир шахс. У 1969 йилдан 80-йилларга қадар Ғарбий Германияда Соня Люнеберг деган исм билан ишлаган. У Шарқий Германиянинг коммунистик раҳбарияти учун маълумотлар бериб турган. Ватанига қайтганида, у қаҳрамондек кутиб олинган.

Аммо Берлин Девори қулаб, икки Германия бирлашганидан сўнг, Йоханна Олбрихт мақоми ўзгарди. 1994 йилда бирлашган Германияда собиқ жосус устидан суд бўлиб ўтди. Коммунистлар давлатида қаҳрамон ҳисобланган аёл 2,5 йил қамоқ муддатига ҳукм этилди. 1996 йилга келиб эса ҳукм қайта кўриб чиқилди ва бекор қилинди. Йоханна Олбрихт 2004 йил 18 феврал куни 78 ёшида оламдан ўтди.
XS
SM
MD
LG