Линклар

Ироқ: умумхалқ сайловлари камида бир йилдан кейин ўтказилиши мумкин


Фарангис Саид Маълумки, шу кунгача Ироқда умумхалқ сайловлари ўтказиш имкониятлари ўрганилаётган эди. АҚШнинг Ироқдаги маъмури Пол Бремер ва Вашингтон томонидан тайинланган Бошқарув Кенгаши умумхалқ сайловлари ўтказиш учун тегишли шароитлар йўқлигини таъкидласа, ироқлик шиаларнинг диний етакчиси Оятулло Али Ал-Систоний умумхалқ референдуми ўтказишни талаб қилаётган эди. Шанба куни Пол Бремер мазкур масалада қатъий қарор қабул қилди. Бу жараённи бугун Фарангис Саид кузатиб бормоқда.

СУ: Фарангис, Пол Бремер қарори нимадан иборат?

ФС: Пол Бремер келаси бир йил ичида Ироқда умумхалқ сайловлари ўтказилмаслиги тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди. Бундай баёнотни у шанба куни “Ал-Арабия” телеканалига берган интервьюси давомида қилди.

СУ: Пол Бремер ўз қарорини қандай изоҳлади?

ФС: Пол Бремер бевосита сайловлар ўтказиш учун, биринчи навбатда, ташкилий имкониятлар йўқлигини айтди:

- Энг муҳими – ташкилий муаммолардир. Буни ўтган ҳафтада Ироқда бўлган БМТ мутахассислари ҳам эътироф этдилар. Ироқда сайловлар ҳақида қонун йўқ, бундай қонунларни ишлаб чиқиб, уларга амал қиладиган сайлов комиссиялари ҳам таъсис этилмаган. Сиёсий партияларга оид қонун ҳам йўқ. Овоз берувчилар рўйхатлари тузилмаган. Сўнгги 20 йил ичида Ироқда аҳоли рўйхатдан ўтказилмаган, - деб айтди Пол Бремер.

СУ: Демак, бу муаммоларни ҳал этиш учун 1 йил вақт керак экан-да?

ФС: Пол Бремер шундай деди. Унинг айтишича, Ироқда умумхалқ сайловлари ўтказиш мумкин-мумкин эмаслигини ўрганган БМТ мутахассислари ҳам айнан шундай хулосага келганлар:

- Ушбу ташкилий муаммоларни ҳал этиш маълум вақт талаб қилади. БМТ ҳисоб-китобига кўра, бунга 1 йилдан 15 ойгача вақт кетади. Жараённинг сал тезлашиши ҳам мумкин. Аммо, энг муҳими, БМТ Бош Котиби Кофи Аннан пайшанба куни айтиб ўтганидек, умумхалқ сайловларини ўтказишга тўсиқ бўлаётган реал ташкилий муаммолар мавжуд, - деб айтди АҚШнинг Ироқдаги маъмури Пол Бремер.

СУ: Пол Бремернинг бу баёнотидан сўнг Ироқда сайловлар ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнида қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

ФС: Ўтган йил 15 ноябрда қабул қилинган режага кўра, май ойида ироқликлардан таркиб топган Муваққат Кенгаш тайинланиши керак. Кенгашга Ироқнинг 18 вилояти вакиллари киритилади. Сўнг ушбу кенгаш аъзолари Муваққат Миллий ҳукуматни сайлашади. Ва бу билан 1 июлга бориб Ироқ суверенитети тикланади, яъни ҳокимият ироқликлар қўлига ўтади.
Маълумки, Ироқ шиалари, хусусан шиалар раҳбари Оятулло Али Ал-Систоний бу режага қарши чиқиб, умумхалқ референдуми ўтказишни талаб қилаётган эди.
Бундан бир мунча вақт олдин Ал-Систоний БМТ гуруҳининг масалани ўрганишига ва хулоса чиқаришига рози бўлган эди. Пайшанба куни Кофи Аннан Ироқда умумхалқ сайловлари учун тегишли шарт-шароитлар йўқ, деб баёнот берганидан сўнг, тарафлар муросага эришишга ҳаракат қила бошладилар. Ҳозирча, АҚШ режани бироз ўзгартириб, муваққат ҳукуматнинг вилоятлар кенгашлари томонидан сайланишига рози бўлишга тайёрдек кўриняпти. Ал-Систоний эса, жума куни бу масала юзасидан баёнот бериб, доимий ҳукуматни сайлаш муддатининг бироз кечиктирилишига рози бўлиши мумкинлигини айтди.

СУ: Рахмат.
XS
SM
MD
LG