Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:01

Ироқ шимолидан араблар қочиб кетмоқда курд қочқинлари эса ўз уйларига қайтмоқда.


“Ироқ шимолидаги ўз уйларига қайтиб келаётган минглаб курд қочқинлари оқими тартибга солинмагунча, минтақадаги миллатлараро муносабатлар ёмонлашавериши мумкин”, - дейилади қочқинлар масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилот ҳисоботида.

Бош қароргоҳи Женевада жойлашган Норвегия “Қочқинлар Кенгаши” ташкилоти, асосан, дунё давлатларидаги ички қочқинлар масалалари билан шуғулланади.

Ташкилотнинг Ироқ лойиҳаси бўйича тахлилчиси Арилд Биркенес Озодлик радиоси мухбирига, Саддам Ҳусайн режими даврида нефтга бой минтақаларни арабларга бериш мақсадида, Ироқ шимолига арабларни кўчириб келтириш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилганини айтади: “Ҳозирда арабларнинг Ироқ шимолидан кўчиб кетаётгани аввал маҳаллий халқларнинг у ердан мажбуран кўчириб юборилганининг салбий оқибатидир. Ҳозирда Саддам Ҳусайн режими амалга оширишга уринган ишнинг тескариси бўляпти”, - дейди ғарблик тахлилчи.

Саддам Ҳусайн даврида араб миллатига мансуб бўлмаган камида 800 минг одам, шу жумладан курдлар шимолдаги Киркук ва Мосул шаҳарларидан ҳайдаб чиқарилган. Уларнинг ўрнига мамлакатнинг бошқа минтақаларида яшовчи араблар кўчириб келтирилган. Курд қочқинларининг аксарияти эса 1991 йилги Кўрфаз урушидан кейин, Бағдод расмийлари ўз назоратини йўқотган Ироқнинг курдлар бошқарувидаги қисмига борганлар. Ўтган йил апрел ойида Саддам Ҳусайн режими ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин тахминан 30 минг курд ташлаб кетган ўз уйларига қайтгани билдирилмоқда.

Биркенесга кўра, араблар ва ироқлик туркманлар Курд Маъмуриятини, курдларнинг минтақага қайтишларини рағбатлантираётганликда айблаган. Курд Маъмуриятининг бундан кўзлаган асосий мақсади, минтақада курдлар бошқа миллатларга қараганда кўпчиликни ташкил этишини таъминлашдан иборатдир. Бу минтақанинг келажакдаги мақоми бўйича референдум ўтказишда қўл келиши мумкин.

Ўтган йил бошида Саддам Ҳусайн армияси ортга чекинаётган пайтда Киркукка кирган икки курд фракцияси кучлари ҳозирда шаҳар хавфсизлигини таъминлаш учун масъулдир.

Бирлашган курд маъмурияти араблар мажбуран кўчириляпти, деган айбловларни рад этди. Курд маъмурияти фақат, ўз уйларига қайтаётган курд қочқинларига гуманитар ёрдам кўрсатаётганини, курд қочқинларига қарашли уйларнинг аксариятида араблар яшаётганлигини билдирди. Айни пайтда, курд раҳбарлари Киркук курдлар шаҳри эканини ва у янги федерал Ироқ давлатининг Курд минтақасига қарашли бўлиши кераклигини даъво қилмоқдалар.

Арилд Биркенесга кўра, АҚШнинг Ироқдаги Муваққат коалиция маъмурияти кескинликни бартараф қилиш мақсадида Киркукка курдлар қайтишини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда: “Чамаси муваққат коалиция маъмурияти бундан икки мақсадни, яъни, курдларнинг Киркукка қайтишини тўхтатишни ҳамда курдларнинг минтақавий маъмурлари билан курдларнинг қайтишини рағбатлантирмаслик хусусида сиёсий иш олиб бориш мақсадини кўзлаган”, - дейди Ғарб таҳлилчиси.

Биркенесга кўра, курд раҳбарларига қайтаётган курд қочқинлари ва кўчириб келитирилган араблар ўртасидаги мулк можаросини ҳал этишда ёрдам берадиган комиссия тузилгунича курдларга гуманитар ёрдам берилишини тўхтатишни таклиф қилган.
XS
SM
MD
LG