Линклар

Болалар касал бўладиган боғча


Хабарларга қараганда, Хоразм вилояти Ҳазорасп туманининг Питнак шаҳри таълим марказига қарашли “Табассум” номли 7-боғча-гимназияда кичкинтойларнинг таълим-тарбия олиши учун умуман шароит йўқ.

Боғча-гимназияда бошланғич таълим бўйича мавжуд 6 та синфда 140 нафар бола сабоқ олади. Синф хоналари совуқлигидан ўқувчилар қалин пальтоларга ўраниб ўтиради. Шунга қарамай, болалар орасида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлсин шамолламагани қолмаган. Айримлар қиш давомида уч-тўрт марта касал бўлган.

Ўқитувчиларнинг айтишича, икки йилдан буён аҳвол шундай аянчли. Боғчани Туямўйин трести ва бошқа яна бир ташкилот оталиққа олганига қарамай, уларнинг бирор нафи тегмаётир.

Боғча-гимназиянинг 4-синфи ижара тизими асосида дарсликлар билан таъминланиши керак. Бироқ ўқув йилининг ярми ўтиб бўлганига қарамай, ўқувчиларнинг айтишича, кўплаб дарсликлар ҳали келтирилмаган.

Ота-оналарнинг билдиришича, кимнинг фарзанди шу таълим масканида ўқиса, у навбати билан овқат тайёрлаб келиши белгилаб қўйилган. Ўқувчилар тушликда ота-оналар олиб келадиган овқатни тановвул қилади.

Боғча-гимназиянинг тўртта гуруҳида етмиш нафар кичкинтой тарбияланади. Тарбиячиларнинг таъкидлашича, деворлар ва поллар бетондан қилинган. Боғча болалари бетон пол устида ўйнашига тўғри келади. Хоналар совуқ бўлгани сабабли болалар пальтоларини ечмасдан кўрпаларга ўраниб ухлайди. Экология бурчагидаги гулларнинг барчаси қаҳратонда сўлиб бўлган. Ҳатто бу ердаги қушчалар ҳам ўлиб қолган.

Ўқитувчилар таълим масканидаги шароитни яхшилаш, сув ва газ муаммосини ҳал қилиш учун ота-оналар билан биргаликда юқори ташкилотларга бир неча марта мурожаат этилгани, лекин бу мурожаатлар инобатга олинмаганини маълум қилди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси мутасаддиларининг билдиришича, вилоят мактабларидаги муаммоларни ҳал қилиш юзасидан махсус дастур асосида ишлар бошлаб юборилган.
XS
SM
MD
LG