Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:07

Ўзбекларни хорижда ким ҳимоя қилади?


Феруза

Яқинда матбуотда Москва вокзалларидан бирида ўзбекистонлик 35 ёшли фуқарони ваҳшиёна ўлдирган россиялик 25 ёшли йигитнинг қўлга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Кузатувчиларнинг эътирофича, тирикчилик илинжида Россияга бориб, у ерда вафот этган ёки ўлдирилган ўзбекистонликларнинг жасадини айрим ҳолатларда она юртга олиб келишнинг иложи бўлмаётир.

Хўш, Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини хорижда ҳимоя қилиш механизми мавжудми?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Илҳом Зокировнинг таъкидлашича, хорижда, жумладан, Россияда ўзбек фуқароларининг элчихона ҳузуридаги консуллик бўлимида рўйхатдан ўтиш ҳуқуқи бор. Аммо кўп ҳолларда Ўзбекистон фуқаролари рўйхатдан ўтмайди.

Ўзбекистон ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ходими Ином Холбоевнинг маълум қилишича, агентлик хорижда ишлайдиган фуқароларнинг ҳимоясини таъминлаш бўйича ҳукуматга бир қанча таклифлар берган. Бироқ бу масала ечими агентликка боғлиқ эмас, балки ҳукумат ваколатидаги вазифадир.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев Ўзбекистон ва Россия ўртасида меҳнат миграцияси бўйича шартнома имзоланмас экан, бу давлатда ишлайдиган ўзбекларнинг аҳволи оғирлигича қолаверишини таъкидлади. Унинг айтишича, Россия шаҳарларида ўзбекларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини назорат қиладиган ташкилот йўқ.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистондаги баъзи ташкилотлар мамлакат фуқароларининг хорижга муҳофазасиз, ноқонуний йўллар билан ишлашга чиқиб кетиши масаласига қонуний тус бериш ҳаракатини қилмоқда. Яъни хорижга жўнаётганларнинг суғуртаси, ҳимояси, шарт-шароитини доимий назорат қилиш бўйича махсус лойиҳалар ишлаб чиқилган. Бироқ бу ҳаракатлар ҳозирча ҳеч қандай натижа бермаган.
XS
SM
MD
LG