Линклар

Гумондор кўп, қотил топилмайди


Фирдавс Маълумотларга қараганда, Қашқадарё вилояти ўқотар қуролдан фойдаланиб, одам ўлдириш жинояти содир этилиши жиҳатдан Ўзбекистонда етакчи ўринларда туради. Лекин бу жиноятларнинг аксарияти очилмай келмоқда.

2003 йилнинг декабрь ойида Қарши давлат университети кадрлар бўлими бошлиғи Зулфия Ражабова шу турдаги жиноят қурбони бўлган эди. У ўз уйида отиб кетилганди. Маълумотларга кўра, мазкур иш юзасидан ўтказилган суриштирувлар жараёнида кўплаб кишилар тергов қилинган, ҳибсга олинган.

Маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашича, яқинда мазкур жиноят юзасидан Қарши университетининг хўжалик ишлари бўйича проректори Камол Очилов, унинг қўл остида қоровул бўлиб ишлаётган Отабек ва Санжар исмли йигитлар ҳибсга олинган. Тахминларга кўра, қотилликни бевосита Отабек амалга оширган.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан мурожаат этганида вилоят прокуратураси ходимлари ҳам, марҳум З.Ражабованинг яқинлари ҳам ҳозирча ҳеч қандай маълумот бермасликларини маълум қилди.

Кузатувчилардан бирининг айтишича, проректор ва кадрлар бўлими бошлиғи ўртасидаги келишмовчилик катта миқдордаги пул сабабли келиб чиққан бўлиши мумкин. Чунки, унинг фикрича, университетда коррупция ва порахўрлик жуда чуқур илдиз отган.

Баъзи манбаларнинг билдиришича, жиноятни содир этишда гумон қилинаётган Отабек ҳамда унинг шериги айбни бўйнига олган ва жиноят қуролини топиб берган. Буюртмачи дея гумон қилинаётган К.Очилов эса ўзига қўйилаётган айбларни рад этган.

Маълумотларга қараганда, К.Очилов проректор лаовозимида сўнгги икки йилдан буён ишлаб келган. Илгари Яккабоғ туманидаги болалар дам олиш масканларидан бирининг директори бўлган.

Кузатувчиларнинг таъкидлашича, вилоятда содир этилган бу турдаги жиноятларнинг кўпларида ҳақиқий айбдорлар топилмай қоляпти. Бунинг устига, содир этилаётган шундай жиноятларда ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаган собиқ ходимларнинг бевосита ёки билвосита иштироклари аниқланмоқда.
XS
SM
MD
LG